“Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалда
Андижон вилояти Бўстон туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Янги Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари, камбағалликни қисқартириш ҳамда хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимояси масалалари” бўйича қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган ўқув машғулоти ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилояти бўйича вакили Гулнорахон Абдувоҳидова, туман ҳокими Санобархон Носирова, оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, маҳаллаларда иш олиб бораётган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари, ички ишлар профилактика инспекторлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги вакили Гулнорахон Абдувоҳидова ҳамда мутахассислар томонидан иштирокчиларга меҳнат муносабатлари, хотин-қизлар, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган, шунингдек, расмий ва норасмий тармоқларда мавсумий иш билан банд аҳолининг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солиш масалалари бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича туманда олиб борилиши лозим бўлган ишлар, мономарказ фаолияти бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Машғулотларда мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд опа-сингилларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, умуман, жамиятда, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Мавзу доирасида тадбир иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга омбудсман вакили ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. Машғулот иштирокчиларнинг меҳнат муносабатларига оид билим ва тушунчаларини янада бойитди. Ўқув машғулотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги вакили Гулнорахон Абдувоҳидова сайёр қабул ўтказди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА