Омбудсман фуқароларга қандай ёрдам кўрсатмоқда?
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га ёрдам сўраб мурожаат қилувчи фуқаролар кўпайди.
Бу мазкур тузилманинг халқ ичига кириб бораётгани, жойларда очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар кўпроқ ўтказаётгани натижасидир.
Омбудсманга иш стажлари ҳисобга олинмаган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилди.
Фуқаролар С.З, Т.Қ, Ш.А. ва Р.М. Омбудсманга шикоят билан мурожаат қилиб, Жиззах шаҳар пенсия бўлими ва нафақаларни тайинлаш комиссияси қарорларини бекор қилиш, улар томонидан иш стажларини қайта ҳисоблаб чиқилишида ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар томонлама ўрганилди. Аниқланишича, мурожаат қилган фуқаролар меҳнат фаолиятлари давомида маълум бир ишлаш давридаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар архивда сақлаб қолинмаганлиги сабабли, пенсия тайинланишида иш стажига қўшиб ҳисобланиши рад этилган.
Омбудсман томонидан фуқаро фуқароларнинг шикоятлари асосида маъмурий ишлар бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризалари киритилди.
Маъмурий ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2022 йил 23 июндаги ҳал қилув қарорлари билан аризалар қаноатлантирилиб, С.З., Т.Қ., Ш.А. ва Р.М.ларнинг пенсияси ҳисоблаб чиқилишида маълум даврдаги иш стажлари қўшиб чиқилиши мажбурияти Жиззах шаҳар пенсия бўлинмасига юклатилди.
Суд томонидан фуқаролар ҳуқуқининг тикланиши натижасида уларнинг пенсиялари миқдори ошиши кафолатланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, судга аризалар Омбудсман томонидан киритилганлиги учун фуқаролар давлат божи тўлашдан озод этилган.
Омбудсманнинг жойларда минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилгани юртдошларимизга катта қулайлик яратди. Чунки илгари вилоятларда Омбудсманнинг тузилмалари йўқ эди.
Минтақавий вакиллар қандай ишлаётганини қуйидаги мисол орқали ҳам билиб олиш мумкин.
Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакилига жавобгарликка тортилмай келинаётган шахс бўйича мурожаат келиб тушган.
Вилоятнинг Қўшкўшпир туманида яшовчи фуқаро И.С. ўғли Э.О. ноҳақ айблангани, ҳатто судда ҳам унга жазо тайинлангани, ўғлининг бузилган ҳуқуқини тиклашда ёрдам сўраган.
2019 йил 29 сентябрь куни Урганч-Хива йўлида Э.О ўзига тегишли бўлган «Матиз» русумли автомашинани бошқариб келаётганида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Кобальт» русумли автомашина бошқарувни йўқотиб, унинг ҳаракат бўлагига ўтиб, яъни олдига чиқиб тўқнашув содир қилган. «Кобальт» ҳайдовчиси Х.Х. йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлган бўлсада Э.О. айбдор деб топилган.
Фуқаронинг суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган шикоятига асосан мазкур иш қайта кўриб чиқилди. Мурожаатчининг ўғли Э.О. Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми билан оқланди.
Жиноят иши эса содир қилинган йўл-транспорт ҳодисасида айбдор шахсни жавобгарликка тортиш учун вилоят прокурорига юборилган.
Хоразм вилояти прокурорининг ўринбосарининг минтақавий вакилга берган маълумотига кўра, ҳозирда Урганч тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчисининг қарори бекор қилиниб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Н.Абдуримова, ЎзА