Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳисоботи танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳисобот берди.
– Ўтган 2020 йил дунё ҳамжамияти учун синовли йил бўлди. Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатди. Ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди, – деди Ф.Эшматова. – Аммо пандемия Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига ҳам ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Бунда, фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлса-да, Омбудсманнинг “ишонч телефони”га ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди.
2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 минг 975 та мурожаат келиб тушди.
Қатъий карантин талаблари ўрнатилган бўлишига қарамай, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўзининг меҳнат фаолиятини доимий тарзда давом эттирди. Хусусан, Омбудсман ва унинг котибияти ходимлари, жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам мониторинг тадбирларини амалга оширди.
2020 йилда Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 4 минг 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олди ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларига улар бўйича 4 минг 987 та сўров юборди.
Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишини олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди.
Яъни баъзи жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонундан тўлиқ хабардор эмас. Муассасалардаги ишлаб чиқариш цехларида тиббий пунктлар ташкил этилмаган ҳамда цехлар, мустақил участкалар, устахоналар ва бошқа иншоотлар биринчи тиббий ёрдам аптечкалари билан тўлиқ таъминланмаган.
Ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаган. Бундан ташқари, Вакилнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини тўғри йўлга қўймаганлиги танқид қилинди.
Йиғилиш давомида қўмита аъзолари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг 2020 йилги фаолияти бўйича ахборотини ҳам эшитишди.
Таъкидланишича, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаат қабул қилинган. Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 28 та мурожаат идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган.
Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг турар жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.
Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мурожаатлар юзасидан 8 маротаба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинган.
Пандемия оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда ўз иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларга 53 та мониторинг ташрифлари уюштирилган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ахборотида мониторингларда аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 3 та тақдимнома ва 47 та сўров юборилгани ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонуни лойиҳасига таклифлар берилганини қайд этилди.
Сенат аъзолари, эксперт ҳамда мутахассислар томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА