
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили номига Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро О.Қ.дан иш фаолиятида меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган.
Тумандаги мактаблардан бирида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган мурожаатчининг сўзларига кўра, шу мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари иш бошлаганидан буён йиғилишларда уни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келган. Унга босим ўтказиш орқали дарс соатларини ўз танишларига ўтказиб берган.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, мурожаат назоратга олиниб, вилоят Халқ таълими бошқармаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида директор ўринбосарининг иш фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, мурожаатчидан қонунга зид равишда олинган ўқув соатлари ўзига қайтарилди. Директор ўринбосари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
ЎзА