Самарқандлик фуқаро Х.Ш. Пастдарғом тумани ҳокимлиги молия бўлимида юристконсульт лавозимида ишлаган.
Молия вазирининг молия бўлимларидаги юристконсульт штат бирликларини қисқартиришга оид буйруғига асосан 2020 йилнинг 6 октябрь куни Х.Ш. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Орадан бир ой ўтгач эса Молия вазирининг юқоридаги буйруғига ўзгартириш киритилиб, туман (шаҳар) молия бўлими юристконсульт ходимлари ишга қайта тикланган.
Х.Ш. эса ишга тикланмаган. Шундан сўнг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мурожаат қилиб, ҳуқуқини тиклашда ёрдам сўраган.
Омбудсман фуқарони ишга тиклаш бўйича Молия вазирлигига тақдимнома киритганидан сўнг у қайта ишга тикланиб, унга етказилган маънавий зарар учун 1,5 миллион сўм ҳамда мажбурий прогул учун 7 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули тўланган.
Меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ бундай шикоятлар Омбудсманга келаётган мурожаатларнинг асосий қисмини ташкил этмоқда. 2020 йилда ушбу йўналишда мингдан ортиқ мурожаат тушган.
Омбудсман матбуот хизматидан маълум қилишларича, мурожаатлар бўйича давлат органлари ва идораларга Вакил хулосаси ва тақдимномалар киритилган.
Натижада 439 миллион сўмга яқин ойлик иш ҳақи ундирилди. Асоссиз равишда ишдан бўшатилган 13 нафар фуқаро иш жойига қайта тикланди. 12 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 14 нафар болали оилага 31 миллион сўмдан ортиқ нафақа ёки моддий ёрдам пули тайинланди, 5 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси, васийлари, ҳомийлари билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши тақиқланган.
Меҳнат кодексининг 111-моддасида ҳам “Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим”, деб белгилаб қўйилган.
Меҳнат қонунчилигига кўра, асоссиз равишда ишдан бўшатилган ходимлар, бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, касаба уюшмасига, Бош прокуратурага, судга, қолаверса, парламент ва Омбудсманга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) барча давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларини ўз ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилишга, Меҳнат кодекси билан иш берувчига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаришга чақиришини маълум қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА