Омборда, хонадонда дон бўлса, кўнгил тўқ
Ғалла – 2021
Фарғона вилояти Бағдод ва Бувайда туманларида етиштирилган ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Фарғоналик ғаллакорларнинг йилдан-йилга сара дон етиштиришда тажрибаси ортиб бормоқда. Жорий йилда ҳам машаққатли меҳнат эвазига мўл ҳосил етиштирилди. Олдинда муҳим ва масъулиятли жараён – ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш вазифаси турибди. Ўрим-йиғим олдидан шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, отрядлар бошлиқлари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида Бағдод туманидаги “Матқулобод Чексарой” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги “Пойқадам Бағдод” фермер хўжалигида ўтказилган кўргазмали семинарда ана шулар ҳақида сўз борди.
Ҳозир вилоят бўйича салкам 100 минг гектар майдонда ғалла ҳосили пишиб етилмоқда. Бу йил фарғоналиклар 661 минг 700 тонна бошоқли дон ҳосили йиғиштириб олишни кўзлаб турибди. Унинг 258 минг 528 тоннаси давлат омборларига топширилади. Омборда, хонадонда дон бўлса, кўнгил ҳам тўқ, хотиржамлик бўлади. Шунинг учун ҳосилни маслаҳатлашиб, тартиб-интизом билан, тизимли иш ташкил этиб йиғиштириб олиш зарур.
Вилоятда ғалла тўлиқ кластер усулида етиштирилди. Ғаллакорларга уруғлик, ёқилғи ва ўғит ўз вақтида, етарли миқдорда етказиб берилди. Мавжуд 33 та кластер томонидан ўрим-йиғим учун 8,5 миллиард сўмлик ёқилғи захираси яратилган. Бу йилги мавсумда ўрим-йиғим иштирокчиларининг моддий манфаатдорликлари алоҳида эътиборда. Уларга иш ҳақлари ҳар беш кунда бериб борилади. Аванс тариқасида ўрим-йиғим отряди бошлиқлари, механизаторлар ва ҳайдовчиларга 2 миллион сўмгача пул берилди.
Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғимнинг бошқа иштирокчилари учун дала бошида қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Бу эса уларнинг унумли ва баракали ишлашларини таъминлайди. Ана шундай шароит ва қулайликлар дон маҳсулотлари корхоналарида ҳам ташкил этилади. Ўрим-йиғим ишларида 350 та комбайндан самарали фойдаланилади. Уларни мавсумга тайёрлаш учун кластерлар томонидан 7 миллиард сўмликдан ортиқ эҳтиёт қисмлар харид қилинди. Лизинг орқали 11 та юқори унумли ўрим техникалари келтирилди. Шу кунларда ана шундай комбайнлардан яна 6 таси олиб келинади. Ўрим-йиғим отрядларига 1 минг 665 та ҳосилни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари, 44 та кўчма устахона, 100 та ёқилғи ташиш техникаси, 42 та ўт ўчириш машинаси бириктириб қўйилди.
Семинарда таъкидланганидек, комбайнларнинг ҳар бир иш соати, ҳаракати назоратда бўлади. Уларнинг иш самарадорлиги таҳлил қилиб борилади. Натижаларга қараб комбайнчи ва ҳайдовчиларнинг, отряд бошқа аъзоларининг моддий манфаатдорлиги оширилади. Уруғлик ҳосилни йиғиштириб олиш учун алоҳида отряд фаолият кўрсатади ва сифатига аҳамият қаратилади.
Кўргазмали семинарда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
М. Сулаймонов, ЎзА