“Olx.uz”даги олғир ёхуд сохта ижара уй
Интернетдан ижара уй излаган Малика Мансурова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фирибгарнинг тузоғига осонгина илинди. Муқаддам уч маротаба судланган Анвар Носиров бу сафар фирибгарликнинг антиқа усулини топганди. У “Google” қидирув тизимидан кўриниши кўркам, чиройли уйларнинг расмини сақлаб олиб, “olx.uz”нинг эълонлар саҳифасига гўёки хонадонини ижарага бериш мақсадида эълон сифатида жойлаштиради.
Унга кўп ўтмай, бир аёл қўнғироқ қилади. Ўзига ёққан ижара уйни топган аёл “бошқа харидорлар чиқиб қолмасин, уйнинг эгаси экан”, деб ижара ҳақини олдиндан тўлашга ҳам рози бўлади. У фирибгарнинг тузоғига илинаётганини қайдан билсин. Анварнинг пластик картаси рақамини билгач, шошилганича дугонасидан илтимос қилиб, пайнет шохобчаси орқали 1 миллион 30 минг сўм пулни Анвар Носировнинг пластик картасига ўтказади. Фирибгар йигит эса, берган ваъдасини бажармай, осонгина қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Аёлнинг қувончи узоққа чўзилмади. У “olx.uz”даги олғир йигитнинг ҳийласига алданганини билганида кеч эди. Аёл Анвар уйни ижарага бериши учун олдиндан 100 АҚШ доллари тўланиши кераклигини айтганида ҳеч ҳам шубҳаланмаганди. Унга ижара уй жудаям зарур бўлганлиги, тезроқ кўчиб ўтиши кераклиги учун ҳам ноиложликдан пулни олдиндан тўлаганди. У алданганини билгач, судга мурожаат қилди.
— Турмуш ўртоғим билан бирга Тошкент шаҳридан ижарага уй олиш мақсадида хонадон излагандик. Пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудидан 2 хонали уй ижарага берилиши бўйича эълонни топиб, кўрсатилган телефон рақами орқали Анвар билан гаплашганман. Уй эгаси хонадонини ойига 200 АҚШ долларидан ижарага беришини айтди. Ундан нархини бироз арзонлаштиришни сўраганимда 180 АҚШ доллари қилиб беришини, фақат коммунал тўловларни ўзим тўлашимни айтгач, ўзаро келишув бўлди. Таклифга рози бўлганимдан сўнг, уй эгаси тўлов учун пластик картаси рақамини юборди. Ўша пайтда Самарқандда бўлгани учун дугонамдан сўралган пулни Анварнинг пластик картасига ўтказиб беришини илтимос қилдим. Эртасига ҳам, индинига ҳам Анварнинг телефон рақами ўчирилган эди. Шунда алданганимни сезгач, ушбу ҳолат юзасидан ариза билан ички ишлар органига мурожаат қилдим, - деди жабрланувчи суд мажлисида.
Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Аввал уч марта судланиб ҳам тўғри йўлга қайтмаган, қилмишларидан хулоса чиқармаган уста фирибгар суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдиришга мажбур бўлди. Дастлабки тергов органи томонидан унинг такроран фирибгарлик қилгани, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритганлиги ҳисобга олинди, албатта. Бу сафар унга нисбатан тайинланган жазога илгариги ҳукм бўйича тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси