Олтинсойликлар истиқлолни шарафлади
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу шиор остида Сурхондарё вилоятининг қишлоқ ва маҳаллаларида ўтказилаётган байрам шодиёналари туман марказларида давом этмоқда.

Олтинсой туманида бўлиб ўтган тантанали тадбир ҳам байрам меҳмонлари ва туман аҳлига бир олам қувонч улашди.

Туман аҳолисининг асосий байрам тантаналарида туман ҳокими Б. Махматраемов барчани энг улуғ, энг азиз шодиёна билан самимий табриклаб, истиқлол шарофати билан Ватан, миллат ва халқ фаровонлиги юксалиб бораётгани ҳақида атрофлича фикр эритди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юрт ободлиги, халқимиз тўкинлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Яқин йилларда ҳам асосан мева-узум етиштирилган Олтинсой тумани туб ўзгаришларга юз тутиб, саноати ривожланмоқда. Бунга сўнгги уч йилда қиймати 707,8 миллиард сўмлик 101та лойиҳа ишга туширилиб, 974 та янги иш ўринлари яратилгани, ер ости бойликлари ўзлаштирилиб, “Туронэкокўмир” ва “Экспогроупкоал” корхоналари ишга туширилганию, йиллик қуввати 280 минг тонна кўмир қазиб олинаётгани яққол далилдир. Юз бераётган янгиланишлар одамларнинг турмуш шароитини яхшилаб, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани қувонарлидир. Жумладан, кейинги уч йилда 7 минг 800 хонадон илк марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 66 минг 200 киши тоза оби-ҳаётдан бахраманд бўла бошлади.Маҳаллаларда 177,4 километр ички йўл таъмирланиб, 100 мингдан ортиқ аҳолининг мушкули осон бўлди. 52 километр масофада пиёдалар йўлакчаси барпо этилди. Қиймати 85 миллиард сўмлик замонавий икки қаватли “Экобозор” ва замонавий “Шоҳбекат” комплекси бунёд этилмоқда. Жорий йилда Мўминқул маҳалласи “Обод хонадон¬обод кўча¬обод маҳалла” дастури доирасида қиёфасини тубдан ўзгартирди. Мармин, Чеп, Хўжасоат маҳаллалари ҳам ободонлаштирилиб, аҳолининг турмуш шароитини ошириш учун барча қулайлик яратилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланиб, интенсив боғлар ташкил этилаётир. Ҳосилдорлик йилдан-йилга ошиб, аҳоли тўкинлиги таъминланмоқда. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар умумтаълим мактабларидаги ютуқларни вилоятда 12 ўриндан 9 ўринга, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини 9 ўриндан 4 ўринга кўтарди.

Тантанали тадбирда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар, спорт, таълим ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришган ёшлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам маҳаллий ва пойтахтлик элимиз суйган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири