Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишлаб 60 ёшдан ошган нуронийлар ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида мини-футбол бўйича маҳаллалараро мусобақа бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида нуронийлар ўртасида спортни оммалаштириб, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилаётган эътибор уларнинг умр кўриш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман бўлими ва туман спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақа ҳам кекса авлод вакилларини спорт билан мунтазам шуғулланишга кўпроқ жалб этиб, уларнинг намунали ҳаёт йўлини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишдан иборат, – дейди “Нуроний” жамғармаси туман кенгаши раиси Юсуфхон Ҳакимов. – Шунингдек, туманда нуронийлар ўртасида спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам қизиқарли беллашувлар ташкил этиш йўлга қўйилган. Кексаларимиз анъанавий ўтказиладиган югуриш ва юриш марафонларида ҳам олдинги сафларда фаол ҳаракат қилиб, ёш авлодга ибрат бўлмоқда.

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа якунида Маданият маҳалласи нуронийлари фахрли биринчи ўринни эгаллади. Қорапаликларга иккинчи ва Бўстон маҳалласи нуронийларига учинчи ўрин насиб этди.

Ғолиб жамоалар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири