Олтинсойда ишсизлар бўлмаслиги керак!
Бугун жойларда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммолар кўп.
Бугун жойларда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммолар кўп. Шулардан бири – ишсизлик! Бу масалани бартараф этиш борасидаги ишлар аллақачон бошланиб кетган. Муаммо ечими – ҳукуматимизнинг алоҳида назоратида.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам бу борадаги яна бир амалий қадамдир.
Ҳужжатда келтириб ўтилганидек, Сурхон воҳасининг ушбу олис туманида ўтган қисқа даврда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 84 миллиард сўмлик 113 та лойиҳа амалга оширилган. Натижада 973 та иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, табиий газ, ичимлик суви тармоқларини қуриш, йўл-транспорт инфратузилмасини
реконструкция ва модернизация қилишга 14,3 миллиард сўм маблағ
йўналтирилган.
Аммо булар ҳали кам. Қатор соҳаларда камчиликлар кузатиляпти. Масалан, туманнинг саноат ва экспорт салоҳиятини янада яхшилаш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири. Мавжуд қишлоқ хўжалиги ресурсларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш учун шароит етишмайди. Ваҳоланки, биргина боғ ва узумзорлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам одамлар даромадларини оширса, иш ўринларини кўпайтирса бўлади.
Ҳукумат қарори 2020-2022 йилларда Олтинсой туманини ривожланган манзилга айлантиришга қаратилган. Унга мувофиқ, ана шу қисқа вақт ичида ҳудудда йўл инфратузилмаси, ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ ҳамда алоқа тармоқлари модернизация қилинади. Қатор ижтимоий соҳа объектлари янгидан қурилади, ирригация ва мелиорация тизимлари яхшиланади.
Кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича ҳам вазифалар ўрин олган. Бундан ташқари, самарасиз эскирган узумзорлар, боғлар ўрнида интенсив токзор ва мевазорлар барпо этилади. Кейинги босқичда агрокластерлар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади. Ўз навбатида, саноат йўналишида бир қатор истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган.
Олтинсой туманининг “Хидиршо” ва “Обшир” маҳалла фуқаролар йиғинлари марказига “Ҳазарбоғ” каналидан 250-300 л/сек сув чиқариш қувватига эга янги насос станцияси қурилиши ҳам мақсад қилинган.