Олтинсой инновацион тумани янада чароғон бўлмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Олтинсой тумани истеъмолчилари электр энергиясидаги беқарорликдан азият чекаётган эди. Жорий йилда бу муаммо ҳал этилиб, аҳоли хонадонлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари узлуксиз энергия билан таъминланмоқда.
Баланд тоғларга туташ тумандаги истеъмолчиларга барқарор электр энергияси етказиб бериш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий филиали 46,63 километр 0,4-10 кВ ли тармоқ қурилишини амалга ошириб, 35 дона 10/0,4 кВ ли трансформаторни реконструкция қилди. Баркамол авлод ва Миршоди маҳаллалари ҳудудида 4 дона қуввати 250 кВА бўлган янги трансформатор пункти, 125 дона янги темир-бетон устун ўрнатилди. Етти километр масофага янги ҳаво электр узатиш тармоғи тортилди. Алижон Бўтаев номли, Сайрак ва Вахшивор маҳаллалари қуввати 250 ва 160 кВА бўлган иккита трансформатор, 135 дона темир-бетон устун билан таъминланди. 8,65 километр ҳаво электр узатиш тармоғи янгиланди. 20 га яқин маҳаллага қуввати 250 кВА, 400 кВА, 160 кВА бўлган трансформатор пункти ва 128 дона темир-бетон устун ўрнатилди. Шу кунларда мазкур ҳудудларда 5,7 километр масофага ҳаво электр узатиш тармоғи тортилмоқда.
– Қишлоғимиз тоғ этакларида жойлашган, – дейди Вахшивор – 2 маҳалласида яшайдиган Ўрол Ҳамроев. – Кўп йиллардан буён электр энергиясидаги узилишлардан азият чекаётган эдик. Айниқса, ҳаво совиб, андаккина кучлироқ шамол эсса ҳам чироғимиз ўчиб қолар эди. Шу йилдан бошлаб энергия таъминотидаги бу муаммо барҳам топди. Хонадонларимиз туну кун чароғон бўлиб турибди.
Туманда истеъмолчиларни ишончли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга қаратилган улкан бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири