Олтинни қазиб олиш усулини биласизми?
2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилди.
2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ҳукумат қарори билан “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу Низомга мувофиқ эндиликда ҳар йили 1 февралгача Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамаси қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун бериладиган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди.
Гулистон шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар, аҳоли вакиллари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар иштирокида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди.
Мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва бунинг учун қулай шароит яратиш, аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш бугуннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Белгиланган чора-тадбирларга қарамасдан мамлакатнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучаяётганлиги, жумладан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари давом этаётганлиги билан боғлиқ криминоген вазият ёмонлашгани, бунинг асосий сабаби миқдор ва сифат жиҳатидан саноат усулида қазиб олиш объекти ҳисобланмайдиган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан қонуний шуғулланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги юзасидан фикр алмашинилди.
– Амалдаги қонунчиликда, ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан шуғулланишга рухсат этилмайди, – дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов. – Бироқ, текин даромад топиш мумкин бўлган жойда қонун бузилмаслигига ким кафолат беради? Шу ўринда Президентимизнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳадаги мавжуд ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш назарда тутилган. Унга кўра, 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат бериладиган бўлди.
Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш билан шуғулланишни истаган юридик ва жисмоний шахсларга ер қаъри участкалари, шу жумладан, ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган майдонда сочма олтин конлари тақдим этилади. Бунинг учун улар “E-IJRO AUKSION” майдончасида ўтказиладиган электрон-аукцион орқали олинадиган лицензияга эга бўлишлари лозим. Тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган ер қаъри участкалари рўйхати эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаб борилади.
Иштирокчилар мазкур қарор айни пайтида қабул қилингани, бу аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Президентимиз қарорининг мазмун-моҳияти содда ҳолда тушинтириб берилгани айни муддао бўлди, – дейди тадбиркор Сайёра Асатуллаева. – Айниқса, қарорда пропискадан қатъий назар “E-IJRO AUKSION”и орқали 3 йил муддатга участка сотиб олиш мумкин эканлиги мени жуда қизиқтириб қўйди. Қазилма бойликларни носаноат усулида қазиб олишни ҳамда қазиб олинган қимматбаҳо металларни “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат унитар корхонасига, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда реализация қилиш имконияти мен каби тадбиркорларга катта имконият эшигини очади.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.