Томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни Андижон вилояти Олтинкўл туманилик миришкорлар эришаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Туман маҳаллаларида 8 минг 546 та иссиқхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 171,7 гектарни ташкил этади. Иссиқхоначиликда ўзига хос тажриба мактаби яратган олтинкўлликлар асосий даромадни томорқадан олади. Жорий йилда ҳам туманда 1-1,5 сотихли мингга яқин иссиқхона барпо этиш белгиланган.
Айшахоним, Кўмакай, Гулбоғ-Иттифоқ, Уйғур, Қўштепа, Чўнтак, Хондибоғи, Ўрта, Топтиқ сингари маҳаллаларда иссиқхоналар ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган.
Кўмакай маҳалласида 600 га яқин хонадон томорқасидаги 20 гектардан зиёд майдонда иссиқхона ташкил этган.
Қишнинг охири ва эрта баҳорда бодиринг, помидори, булғор қалампири, карам, бақлажон ва гул кўчатлари етиштирилиб сотилади. Кўчатлардан бўшаган майдонларга маҳсулот етиштириш учун яна кўчатлар экилиб, парваришланади. Уч ой ичида ана шу иссиқхоналардан ҳосил олинади. Шу тариқа миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.
– Айни кунда маҳалламиздаги ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олади, – дейди Кўмакай маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси Илҳомжон Иброҳимов. – Аҳоли томорқасидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаётган бўлса, помидори, булғор қалампири, қалампир, бақлажон, бодиринг, шунингдек, турли гул ва мевали дарахт кўчатлари вилоятдаги аҳоли хонадонларига, фермер хўжаликларига экиш учун етказиб берилмоқда.
Маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.
– Хонадонимизда 4 сотих майдонда иссиқхона мавжуд, – дейди Кўмакай маҳалласи М. Каримов кўчасида яшовчи Адҳамжон Юсупов. – Етиштирилган бодирингни кунаро бозорга етказиб берамиз. Иссиқхонада бодринг етиштириш анча нозик иш, кўчатларга қаров, ишлов беришда ҳар бир жараён ўз вақтида бажарилиши, иссиқхонанинг ҳарорати бир хил даражада ушлаб турилиши лозим. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди, тинимсиз меҳнат қилиш керак. Шундагина мўл ва сифатли ҳосил оласиз. Шукрки, шу ишимиз, меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик. Янги иморатлар солдик, фарзандларни бекаму кўст ўстирдик, тўйлар қилдик.
Мазкур маҳаллада яшовчи Тожиддин ва Султонхон Дадабоевлар хонадонида 2 сотихдан учта иссиқхона ташкил этилган. Бирида гул кўчатлари, иккинчисида бодиринг, яна бирида эса помидор етиштирилади.
Ушбу хонадонда бўлган киши инсон қўли гул, у истаса мўъжиза яратишга қодир, деган ҳикматга ўз кўзи билан гувоҳ бўлади. Бу ерда нафақат юртимиз, балки хориждан келтирилган 15 дан ортиқ турдаги гул кўчатлари етиштирилиб сотилмоқда. Олинаётган даромад ҳам ёмон эмас. Энг муҳими, ушбу оила маҳалладаги бошқа хонадон соҳибларига ҳам гул кўчати етиштириш ва кўпайтириш сирларини ўргатмоқда.
Кўмакай маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдуҳалим ота Воҳидов, Элдорбек Бозоров, Олимжон Мирзаолимов, Шерзод Ибрагимов, Хусниддин Рўзиматов, Абдураҳим Маъмиров сингари ўнлаб ўз ишининг устаси бўлган миришкор деҳқонлар меҳнатини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Олтинкўл тумани маҳаллаларида томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш орқали бой бўлаётган оилалар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов(сурат),
ЎзА