“Олтин соябон” эгаларини топди
Пойтахтимизда Халқаро молия-банк форуми давом этмоқда. Тадбир Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, МДҲ Молия-банк кенгаши ҳамда “SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа бир қатор маҳаллий ва халқаро молиявий муассасалар кўмагида ўтказилмоқда.
Пойтахтимизда Халқаро молия-банк форуми давом этмоқда. Тадбир Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, МДҲ Молия-банк кенгаши ҳамда “SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа бир қатор маҳаллий ва халқаро молиявий муассасалар кўмагида ўтказилмоқда.
Форумнинг иккинчи кунида экспертлар илғор тажрибалари билан ўртоқлашиш, алоҳида соҳалар ва молия бозорининг турли сектор вакиллари ўртасида музокаралар, ўзаро манфаатли учрашувлар давом этмоқда. Маълумотлар ва фикр алмашишда вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида иштирокчилар секцияларга бўлиниб, фаолият юритмоқда.
Лизинг ҳам иқтисодиётнинг муҳим қисми бўлиб, вақтинчалик бўш бўлган ёки қарз қилиб олинган пул маблағларини инвестиция қилиш орқали хизмат кўрсатилади. Ўзбекистонда лизинг операциялар асосида ҳозирги пайтда бир қанча масалаларни ечиш мумкин, ишлаб чиқариш воситаларни янгилаш, асосий воситаларни сотиб олиш учун мақсадли кредитлаш, лизинг асосида етказиб берилган мулк ва ускуналар орқали чет эл инвестицияларини жалб этиш шулар сирасидандир. Ушбу молиявий механизм бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида кенг қўлланилмоқда.
– Айни вақтда Ўзбекистон лизинг бозорида ривожланиш кузатилмоқда, – дейди Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили Ксения Кузнецова.– Охирги вақтларда бу янада аниқ кўринмоқда. Чунки, мамлакатдаги лизинг бозорини ривожланишида иштирок этаётган компаниялар сони ўсишда давом этмоқда. Албатта, уларнинг ташқи бозордаги иштироки ҳам муҳим. Айни вақтда уларни капитал бозорини ривожлантириш, уларни фаолиятини давлат даражасида тартибга солиш учун бирор регульятор керакми ёки йўқ? саволи атрофида мулоҳаза юритмоқдамиз. Мана шу масалалар ҳал қилингандан кейин маълум даражадаги талаблар амалга оширилди дейиш мумкин.
Қайд этиш жоизки, лизинг хизмати мамлакатимиз экспорт салоҳияти ва бандлик даражасининг ошишини ҳам таъминлайди.
Форум доирасида суғурта соҳасида “Олтин соябон” жамоатчилик мукофоти топширилди. “Йилнинг энг яхши суғурта компанияси” номинациясига “Ўзагросуғурта”, “Энг яхши суғурта раҳбари” номинациясига “Ишонч” суғурта компанияси раҳбари лойиқ топилди.