Олтин кабутар танловининг ғолиблари аниқланди
Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" саройида юртимизда илк марта ўтказилаётган "Олтин кабутар" ижодий танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" саройида юртимизда илк марта ўтказилаётган "Олтин кабутар" ижодий танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди.
Мазкур ижодий лойиҳа “Mening yurtim”, “Yoshlar” телеканаллари ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, ушбу танловда телевидение, санъат ва маданият ҳамда кино соҳаси вакиллари тақдирланиши кўзда тутилган.


Мамлакатимизда маданият, санъат, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, бу йўналишда фаолият кўрсатаётган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Олтин кабутар” танловида 2019 йилда самарали меҳнат қилган ижодкорлар кўплаб номинациялар бўйича тақдирланади. Эътиборга молик жиҳати, “Олтин кабутар” ғолибларини ҳакамлар ҳайъати эмас, балки томошабинларнинг ўзи SMS орқали овоз бериш йўли билан аниқлайди. Бунинг учун иштирокчилар тегишли тартибда беш босқичда саралашдан ўтдилар.


– Биз машҳур санъаткорларнинг болалиги, ўша беғубор дамларга оид энг ёрқин хотиралар ҳақида туркум кўрсатув тайёрлаб борамиз, – деди "Milliy TV" телеканали "MTV Show Kids" кўрсатуви муаллифи ва продюсери Комил Ҳасанов. – Кўрсатувимиз саккиз ойдан буён эфирга кетаяпти. Рейтинги баланд. Эҳтимолки, таниқли одамларнинг болалик онларига қайтгани билан томошабинларда катта қизиқиш уйғотгандир. "Олтин кабутар" ижодий танловида "Энг яхши кўрсатув" номинациясида иштирок этганимиздан ғоят мамнунмиз.
...Муҳташам саҳнада завқли рақслар, шўх қўшиқлар янграйди. Фильм ва кўрсатувлардан лавҳалар томошабинларни бефарқ қолдирмайди. Тадбирда “Олтин кабутар” мукофоти “Энг яхши миллий сериал”, “Энг яхши актёр”, “Энг яхши видеоклип”, “Энг яхши эстрада хонандаси”, “Энг яхши телебошловчи”, “Энг яхши тележурналист”, “Энг яхши ток-шоу”, “Энг яхши саундтрек”, “Энг яхши кўрсатув” каби номинациялар бўйича аниқланди. Шунингдек, “Ўзбек санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун”, “Ўзбек телевидениеси ривожига қўшган ҳиссаси учун”, “Энг яхши мураббий” номинациясида танловнинг махсус мукофотлари топширилди.


Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Энг яхши концерт дастури”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши бадиий фильм”, “Йил блогери”, “Йилнинг энг фаол ёши”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, “Йил инвестори”, “Йилнинг энг яхши ихтирочиси”, “Йилнинг энг яхши архитектори”, “Йилнинг энг яхши мақом ижрочиси”, “Йил рассоми”, “Йил шифокори”, “Йилнинг энг яхши тадбиркори” каби рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам тақдим этилди.
