VIII «Осиё болалари» спорт ўйинларида 36 та олтин, 31 та кумуш кумуш, 21 та бронза, жами 88 та медални қўлга киритиб, умумжамоада ғолибликни тантана қилган Ўзбекистон спорт делегацияси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ўзбекистон спорт делегацияси мустақил жамоа сифатида 30 йилдан зиёд давр мобайнида илк бор комплекс спорт ўйинларида тарихий ғалабага эришди. Мамлакатимиз спортчилари «Осиё болалари» ўйинларида умумжамоада биринчи ўринни эгаллади.
Буни сўз билан айтиш, ифодалаш жуда осон ва енгил туйилади, гўё. Аммо бундай муваффақиятга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Буни дилдан ҳис қилиш учун давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт, алоҳида спорт турлари, спорт таълимини янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида қабул қилинган қарорлар, кўрилган чора-тадбирлар, ишлаб чиқилган дастурлар моҳиятини англаб етиш керак.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 25 июнь-6 июль кунлари Россия Федерациясининг Якутск шаҳрида ўтказилган VIII «Осиё болалари» спорт ўйинларида Ўзбекистон спортчилари қўлга киритган шода-шода медаллар халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади.
VIII «Осиё болалари» спорт ўйинларида умумжамоада 1-ўринни эгаллаб, спорт уфқида юксак марраларни забт этган, Янги Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик ғалабаси сари катта йўлга чиққан ғолиб спортчиларимизни кутиб олиш маросимида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, тегишли ташкилот мутасаддилари, республика олий спорт маҳорати мактаби раҳбарлари, спорт федерацияларнинг вакиллари, ота-оналар ушбу ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмагани, бунинг замирида мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни саралаш, танлаш, йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар борлиги таъкидланди.
Якутск спорт майдонларида 11 кун давомида 24 та спорт тури бўйича кечган шиддатли беллашувлар, жанглар, баҳсларда 24 давлатдан 30 та миллий терма жамоаларнинг 2 минг нафардан зиёд ёш спортчилари 239 та медаллар жамланмасига даъвогарлик қилди.
Мусобақаларни 17 та давлатдан 700 нафардан зиёд ҳакамлар бошқариб борган бўлса, улар орасида Ўзбекистоннинг 10 нафардан зиёд мутахассислари баҳсларнинг адолатли ўтишини таъминлаб турди.
Ўзбекистон спорт делегациясининг 176 нафар, шундан 99 нафар ўғил ва 77 нафар 14-17 ёшдаги спортчилари 11 та олимпия ва 5 та ноолимпия спорт турларида ғолиблик учун майдонга чиқди. «Осиё болалари» мусобақаларининг умумий ҳисобдаги 88 та совринли ўринига эга чиқди.
Яна бир эътиборли жиҳат, Якутск баҳсларида юқори натижаларга эришган спортчиларнинг қарийб 50 фоизи мамлакатимиздаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг ўқувчиларидир. Айнан улар келгуси йили мамлакатимизда ёшлар ўртасида ўтадиган "Тошкент-2025" Осиё ўйинларида иштирок этиш имкониятига эга.
VIII «Осиё болалари» ўйинларида таэквондо бўйича 4 та, самбода 2 та, курашда 8 та, боксда 7 та олтин медалга сазовор бўлиш, бокс, дзюдо, кураш, спорт курашлари, таэквондо мусобақаларида Ўзбекистон миллий терма жамоалари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаши юртимиз спортининг янги юксалиш даври бошланаётганлигидан далолат.
Тантали кутиб олиш маросимида мутасаддилар VIII «Осиё болалари» ўйинларининг ёпилиш маросимида иштирокчи спортчилар номидан таэквондо мусобақаларида ғолибликка эришган ҳамюртимиз Беҳруз Салимовнинг сўзга чиққани ҳам халқаро майдонда Ўзбекистон спортига кўрсатилган алоҳида эҳтиром эканини билдирди.
– «Осиё болалари» ўйинларидаги ажойиб кунлар ортда қолди. Биз, ёш спортчиларга давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибор, яратиб берилган шарт-шароитлар ғалабаларимизга муҳим омил бўлганини айтиш асносида ташкил этилган ушбу спорт, дўстлик ва қувонч байрами учун миннатдорлик билдираман. Ватанга медаллар билан қайтдик, умумжамоада ғолибликни тантана қилдик. Бу анъанани келгуси мусобақаларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Олимпия ўйинларида давом эттирамиз, – дейди Беҳруз Салимов.
Айтиш лозим, VIII «Осиё болалари» ўйинлари мамлакатларнинг тенг ҳуқуқли халқаро спорт ҳамкорлигини йўлга қўйиш ғоясини мужассам этди. Ўйинлар ёш спортчилар учун комплекс мусобақаларнинг бебаҳо тажрибасини тортиқ қилиш билан бирга уларда ғалабага бўлган иродани намоён қилиш, Ватан шаъни, унинг шарафини муносиб ҳимоя этиш туйғусини мурғак қалбларига муҳрлади.
– Ўзбекистон спорт делегациясининг 36 олтин, 31 кумуш ва 21 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида пешқадамга айлангани барчамизни хурсанд қилди, албатта. Оловқалб спортчиларимиздан кейинги ўринлардан Россия Федерациясининг Сибир федерал округи жамоаси (31-31-32), Беларусь Республикаси (27-21-30) вакиллари жой олди. Юртимиз спортчилари VIII «Осиё болалари» ўйинларининг енгил атлетика, баскетбол, мас-рестлинг, сузиш, бадиий гимнастика, бокс, волейбол, мини-футбол, таэквондо, дзюдо, кураш, сузиш, самбо, ўқ отиш, камондан отиш, шахмат каби спорт турларида ўз салоҳиятини намойиш этди. Мазкур ўйинлар орқали спорт жамоаларимизнинг, алоҳида спортчиларимизнинг имкониятлари, уларнинг техник-тактик ҳолати яна бир бор кўздан кечирилдики бу, "Тошкент-2025" Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш вазифасини ўтайди, – дейди кутиб олиш маросимида Спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов.
Сўзимиз аввалида айтиб ўтганимиздек, ўтган 30 йилликда мамлакатимиз спортчилар жамоаси илк комплекс спорт ўйинларида умумжамоада 1-ўринни эгаллагани тарихга айланди.
Янги Ўзбекистоннинг янги «олтин авлоди» ўз бўй-бастини кўрсатаётгани, янги ғалабалар сари шахдам ташланган шиддатли одими барчамизга қутлуғ бўлсин.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА