Олтиариқда «Тиббий бригадалар» ташкил этилмоқда
Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббиёт тизими ривожисиз юқори натижага эришиш мушкул.
Шу боис, бирламчи бўғинни такомиллаштириш, фаолияти самарадорлигини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланган.
Фарғона вилоятида ҳам умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилмоқда.
Она ва бола соғлиғига эътиборни кучайтириш мақсадида жорий йилда 15 ёшгача бўлган 898 мингдан зиёд болалар ва 94 минг нафар ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини бепул тарқатиш чоралари кўрилади. Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида бу йил 10 та оилавий шифокор пункти ва 2 та қишлоқ оилавий поликлиника, кейинги икки йилда эса 17 та оилавий шифокор пункти ва 5 та оилавий поликлиникалар ишга тушириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, хусусий тиббиёт секторини ривожлантириш борасида умумий қиймати 367 миллиард сўм бўлган 13 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туманида тажриба сифатида янги тиббий профилактика ва патронаж тизимини жорий этиш ишларига киришилди. Биргина Олтиариқ туманига вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 23 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-923]
– Бугунги кунга қадар 220 нафар шифокор, 1 минг 737 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, шундан 321 нафар патронаж ҳамширалардан иборат 72 та “тиббиёт бригадалари” ташкил этилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аброржон Ибрагимов. – “Тиббиёт бригадалари” томонидан туман аҳолисининг 210 минг 766 нафари ёки 98,2 фоизи хатловдан ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 143 минг 687 нафар катта ёшдаги аҳоли орасида ортиқча вазн, семизлик, аҳолининг мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотларини кам истеъмол қилиши, жисмонан нофаол ҳаёт кечириши кабилар аниқланди. Жумладан, нафас аъзолари, қон ва қон яратиш, қон айланиш тизими каби сурункали касалликлар кўпроқ қайд этилган. Аҳоли 4 та гуруҳларга таснифланиб, саломатликларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. 67 минг нафардан ортиқ болалар ўртасида ҳам касалликлар аниқланиб, назоратга олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан тиббиёт ходимлари учун 4 маротаба ўқув семинарлари ташкил этилди. Шунингдек, ҳудудларда соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратиляпти. Оммавий спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда чекка қишлоқлардаги шифокорлик пунктларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш муҳим вазифа саналади. Айни кунларда мазкур туманда 14 та тиббиёт муассаса қайта таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланяпти. Ҳар бир саломатлик масканига оптик толали кабеллар тортилаётган бўлиб, замонавий ахборот технологиялари асосида фаолият олиб борилади. Барча тиббиёт ходимларига планшетлар олиб берилди. Шунингдек, оилавий шифокорлар фаолиятини баҳолаш мезонлари ва рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи секторидаги 39-қишлоқ оилавий пунктидаги шароит умуман талабга жавоб бермасди. Ҳозирда бу ерда реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлиб, қайта таъмирланмоқда. “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги собиқ 2-сонли шифохона бир неча йиллардан буён фойдаланилмасдан бўш турарди. Тадбиркор Маъмиржон Мисиров томонидан давлат-хусусий шериклик асосида замонавий клиникани бунёд этиш ишлари бошланди. Мазкур лойиҳа учун 14 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади ҳамда 200 та иш ўрни яратилади. Клиника диагностика, лаборатория жиҳозлари билан таъминланиб, турли касалликларни даволаш йўлга қўйилади.
Инсон саломатлиги – бебаҳо неъмат. Олтиариқ туманида тажриба сифатида бошланган эзгу саъй-ҳаракатлар замирида ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдек улуғвор мақсад мужассам.
М. СУЛАЙМОНОВ, М. ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА