Фарғона вилоятида айни пайтда 4,5 минг гектар узумзорлар мавжуд бўлиб, шундан 3,4 минг гектари Олтиариқ туманида жойлашган.
Узум Олтиариқнинг ўзига хос бренди. Туманнинг 72 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 40 мингдан ортиқ хонадоннинг деярли ҳар бирида узум етиштирилади. Айни кунларда Олтиариқ боғларида пишиб, шира боғлаган узум ҳосилини экспортга тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.
Ўтган йили олтиариқликлар 70 минг тонна узумни МДҲ, Осиё, Европа қитъаси, Араб давлатлари, ҳатто АҚШ бозорига етказиб берган.
[gallery-24544]
Олтиариқ туманидаги «Хайрулло Баҳром Бойматов» фермер хўжалигининг узумчилик плантациясида жаҳон бозорида харидоргир, серҳосил навларни маҳаллийлаштириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Салкам 100 гектар майдонга эга фермер хўжалигида ҳар йили “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “Ризамат”, “мерседес” каби 20 хил навда 3 минг тонна узум етиштирилади. Боғ ёнида 2 минг тонна сиғимга эга совуткичли омбор қурилган.
Мана шундай фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан етиштирилган узум ҳосилини ташқи бозорларга чиқаришда Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Экспортга кўмаклашиш маркази кўмаги катта бўлмоқда.
Марказда карантин инспекторлари томонидан фитосанитария сертификати расмийлаштирилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кичик лабораторияда текширувдан ўтказилади. Шу ерда юк машиналарини зарарсизлантириш мақсадида фумигация ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Экспортга кўмаклашиш марказида барча ҳужжат ишларининг бир жойда расмийлаштирилиши соҳибкор ва тадбиркорларнинг вақтини тежашга имкон беряпти.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА