Олтиариқда нега депутатлар рўйхати чоп этилмади?
Олтиариқнинг миришкор ва меҳнатсевар одамлари бир қарич ернинг ҳам қадрига етишини биласиз.
Олтиариқнинг миришкор ва меҳнатсевар одамлари бир қарич ернинг ҳам қадрига етишини биласиз. Деҳқончилик, боғдорчиликнинг қайси соҳаси бўлмасин, улар ҳамиша пешқадам. Аммо ...
Яқинда олтиариқлик бир танишим телефон қилиб, халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгашига сайланган депутатларнинг якуний рўйхатини сўраб қолди. Мен туман ҳокимлиги муассислигидаги “Давр овози” газетасини кўринг, дедим.
– Олтиариқда бу газета қачон чоп этилади? – деди у саволимга савол билан.
Ҳа, бугун 2020 йилнинг 22 феврали, лекин Олтиариқ тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Давр овози” газетасининг 1-сони ҳалигача чоп этилгани йўқ. Ўтган йили ҳам бор-йўғи 22 та сони чиққан, холос.
– Тўғри, бизда ҳам айб бор. Лекин муассис ўзининг қонуний бурчини бажармади. Газета чоп этилиши билан боғлиқ мажбурияти ва таҳририятни қўллаб-қувватлаш ишига совуққонлик билан қаради, – дейди “Давр овози”нинг муҳаррири, аниқроғи, собиқ бош муҳаррири Адҳамжон Раҳмонов. – Мен ўз кучим билан муаммони ҳал этолмадим ва истеъфога чиқдим. Ахир муассис ўз газетаси, унинг таҳририяти билан мутлақо иши бўлмагач...
– Эҳ, “Давр овози” қандай газета эди-я, – дейди меҳнат фахрийси Турсунхон ота Насриддинов. – Мен адашмасам, 30-40 йилдан буён обуна бўлиб келаман. Ахир яқин йилларда ҳатто “Олтин қалам” Халқаро танловида совриндор ҳам бўлганди, газета.
“Ўзбекистон почтаси” туман идораси раҳбари Жаҳонгир Ҳакимовнинг айтишича, 2020 йил учун газетага атиги 60 нусҳа обуна қилинган.
Биз муассис – Олтиариқ тумани ҳокимлиги масъуллари, шахсан ҳоким —Холмирза Ниёзов билан бу ҳақида бир неча бор гаплашдик. Муассисга агар газета керак бўлмаса, белгиланган тартибда унинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида тавсия бердик.
– Э-э-э! Нималар деяпсиз? – дерди ҳоким ҳар сафар. – “Давр овози” бизга керак, уни албатта чоп этамиз!
Ҳақиқат шуки, туман ҳокимлиги муассислигидаги газета ҳамон чоп этилгани йўқ!
Ҳақиқат шуки, 2-3 йил аввал 4 минг нусхадан ортиқ чоп этилаётган газета бугун қарз ботқоғига ботган. Иш ҳақидан, солиқдан, босмахонадан...
“Ўйлаб қоласан, балки газета журналистларининг муассисдан кўнгли совиганича бордир, балки Олтиариқ тумани ҳокимлигига ҳақиқатда ҳам газета керак эмасдир?”
“Қонунчиликдаги ўзгаришлар туфайли энди ер фақат танлов асосида берилади. Танлов ҳақидаги эълонни қаерда чоп этайлик? Газета чиқмагани учун қишлоқма-қишлоқ юриб, оғзаки овоза асосида танлов ўтказишга тўғри келяпти.”
“Туман ҳокимлигининг айрим қарорлари газетада чоп этилгач, кучга киради, дейишарди. Умуман, Олтиариқ тумани ҳокимлиги 2020 йилда биронта бўлса-да қарор қабул қилдимикан?”
“Газета журналистлари ҳам “олма пиш”, деб ўтиравермай, уйма-уй юрмайдими, обуна бўлинг, деб!”
“Олтиариқнинг ҳокимига газета керак бўлмаса, бизга керак. Биз унга обуна бўлганмиз. Лекин газета олмаяпмиз. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи идора ходимлари қани? Муассис – ҳокимиятдан нега мажбуриятларини бажаришни талаб қилмайди?”
Булар олтиариқлик биз суҳбатлашган одамларнинг фикрларидан айрим иқтибослар, холос.
Хўш, Олтиариқда сайланган депутатлар ўзи кимлар эди? Уларнинг рўйхати қачон чоп этилади?
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист