Олти йилдан кейин ишга жойлашган ошпаз
Дилафрўз Сайфуллаева касб-ҳунар коллежини тугатган, мутахассислиги ошпаз.
Аммо олти йил бўлибдики, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмай сарсон. Учқудуқ туманидаги “КЕLАJАК” ёшлар маркази биносида туман ҳокимлиги ва Шимолий кон бошқармаси томонидан банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”га бориб, ўзига муносиб иш топди.
– Бугун ярмаркада орзуйимдаги корхона “НКМК жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармасига ошпазликка қабул қилиндим, – дейди Дилафрўз Сайфуллаева.

Мазкур меҳнат ярмаркасида 52 та корхона, ташкилот ва муассаса мавжуд бўлган 174 та бўш иш ўрни билан қатнашди.
Якунда 2 нафар фуқарога квота асосида корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилган бўлса, 3 нафар фуқаро Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхоналарга, 1 нафари туман тиббиёт бирлашмасига мутахассислик талаб этилмайдиган ишга жойлаштирилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 8 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, 23 нафар ёшга касб-ҳунарга ўқитиш марказидаги тикувчилик, компьютер саводхонлиги, пайвандчилик йўналишлари бўйича ўқув курсларига йўлланмалар берилди.

– Туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган 285 нафар хотин-қизга 6 тоифа бўйича алоҳида манзилли ва 3 тоифа бўйича умумий ёрдам кўрсатилади, – дейди туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нафиса Нажмиддинова. – Жумладан, биринчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага ишсиз, даромад манбаига эга бўлмаган, бироқ ишлаш истагида бўлган 43 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз киритилган. Бугун меҳнат ярмаркасида уларнинг 8 нафарига доимий ишлаш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, 11 нафар аёл ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига жалб қилинса, 10 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Ярмарка доирасида Учқудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан иш излаётган фуқароларга ўзини-ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари, унинг имкониятлари, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тушунтирилди. Шунингдек, тадбиркорлик қилиш ва имтиёзли кредит олиш истагини билдирган фуқароларга белгиланган тартибда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА