Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан аҳолига 10 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилмоқда. Мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон кўринишда қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.
Кадастр паспорти – кўчмас мулк объекти тўғрисидаги умумий маълумотлар ва объектнинг кадастр рақамини ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланди.
– Кадастр паспорти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида шакллантирилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси бино иншоотлар кадастрини юритиш бўлими бош мутахассиси Азамат Бафоев. – 2024 йилнинг ўтган даврида Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармасининг ҳудудий филиалларига кадастр паспортини шакллантириш масаласида 15 минг 124 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 9 минг 118 таси ижобий ҳал этилиб, кадастр паспорти расмийлаштирилиб берилган.
Кадастр паспортини шакллантириш учун сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмагани, ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани сабабли 5 минг 224 та ҳолатда бино-иншоотларга кадастр паспорти расмийлаштирилмаган. Шунингдек, 449 та ҳолатда ҳуқуқий ҳужжатларнинг аслини тақдим этилмагани сабабли мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари томонидан бекор қилинган.
Ҳозирги кунга қадар энг кўп кадастр паспортларини расмийлаштириш туман, шаҳарлар бўйича вилоятнинг Бухоро шаҳрига 2880 та, Бухоро туманига 1420 та, Ғиждувон туманига 827 та тўғри келмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.