“Олов тутган одам” билан танишув
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб Биринчи Президентимизнинг бемисл жасорати, халқпарварлик сиёсати акс этган ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Олов тутган одам” номли асар тақдимоти бўлиб ўтди.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб Биринчи Президентимизнинг бемисл жасорати, халқпарварлик сиёсати акс этган ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Олов тутган одам” номли асар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда ёзувчи-шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова иштирок этди.
Тақдимот аввалида Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилоятида раҳбарлик давридаги қалтис вазиятлар, заҳматлар ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўтган асрнинг 80-90 йиллари “Ўзбек иши“, “Пахта иши“, деган тергов “урф“га кирди. Шусиз ҳам оғир ва азобли кунларни бошдан кечираётган меҳнаткаш халққа ўғри, порахўр, деган туҳматлар ёғдирилди, маломат тошлари отилди. Айбсиз, сабабсиз юзлаб, минглаб инсон қамалди, аёвсиз қувғин қилинди. Хотин-ҳалаж, бола-чақа дод солди, аччиқ қисмат олдида ожизлик, чорасизликдан бўзлаб қолаверди. Эл-улусда тушкунлик, ишончсизлик, умидсизлик кайфияти ҳукм сура бошлади.
Мана шундай ғоят чигал шароитда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига раҳбар этиб тайинланди. Уқубатга тўла, ғоят мураккаб бу йўлда синовлар, машаққату тўсиқлар мўллиги тайин эди. Боз устига ўша пайтларда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларини бирлаштириш таклифи қизғин муҳокама этилаётганди. Аммо буларнинг ҳеч бири уни чўчитмади, ортга қайтармади. Унинг ишонгани, суянгани жасорат, халқпарварлик, адолат бўлди. Аста-секин халқнинг зулмат қоплаган ҳаётига ёруғлик инди. Бу йўл заҳматлар билан кечди.
Воқеаларнинг бадиий талқини билан “Олов тутган одам” номли роман орқали танишиш мумкин. Янги китоб Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан нашр этилди.
Луқмон Бўрихон асар устида ишлаш жараёнида турли ҳужжатларни, тарихий манбаларни ўрганган, шунингдек, қаламга олинган ҳодисаларнинг шоҳиди бўлган қашқадарёликлар билан кўп бора учрашиб, суҳбатлашган.
“Олов тутган одам“ китоби сентябрь ойи ўрталарида “Китоб олами“, “Шарқ зиёкори“ ва Book.uz дўконларида сотувга чиқади. Шунингдек, мамлакатимиз кутубхоналари ҳамда олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказларига тарқатилади.
– Ўзбек адабиётида сиёсий роман деярли яратилмаган. Давлат арбоблари қиёфасини юксак бадиий публицистик руҳда ҳаққоний тасвирлаш халқимиз учун, адабиётимиз учун ниҳоятда муҳим. Луқмон Бўрихоннинг бу романи ҳаммамиз учун катта туҳфа бўлди, – деди адабиётшунос Иброҳим Ғафуров.
Роман ҳақида, ундаги воқеалар тафсилоти хусусида кўп гапириш мумкин, аммо энг яхши ва энг яқин танишув – бу китобни қўлга олиб, кўнгилдан ўқишдир.
