Олотлик ёшларнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов олотлик ёшлар билан учрашди.
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов олотлик ёшлар билан учрашди.
Учрашувда таъкидланганидек, ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, оилалари даромадини ошириши учун зарур шароит яратиб берилди. “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси томонидан ўтган йили олотлик 43 нафар ташаббускор ёшнинг лойиҳаси ўрганилди. Уларнинг 23 таси истиқболли деб топилиб, манзилли чора-тадбир ишлаб чиқилди. Мана шу лойиҳалар учун 5 миллиард 146 миллион сўм маблағ ажратилди.
“Yoshlar-kelajаgimiz” давлат дастури доирасида ўтган йили ёш тадбиркор Шамшод Қодиров «Тупроқ барака» МЧЖ корхонасини ишга туширди. Тадбиркорга ўзи истиқомат қилаётган «Салақоровул» МФЙдан 3 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ғишт ишлаб чиқарадиган заводни барпо этиш учун 1 миллиард 490 миллион сўм кредит маблағи олиб, махсус технология ва хумдонни тайёрлаб, ҳозирда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Худди шундай, ёш тадбиркор Жавоҳир Холиқов 550 миллион сўмлик жамғарма маблағлари эвазига гўшт етиштириш йўналишида броллер товуқ боқишни бошлади.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида туманда паррандачилик, ўсимлик мойи ишлаб чиқариш, шунингдек, сартарошхона ва ҳунармандчилик йўналишларида жами 8 та лойиҳа учун 500 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи молиялаштирилди.
Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, туманда шу йил якунигача олотлик йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида ёшлар эгалигидаги иссиқхона сонини 300 тага етказиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун кредит маблағи ва субсидиялар берилаётгани, ёш тадбиркорлар учун айни пайтда 29 турдаги махсус контейнерлар тайёрланиб, талабга қараб лизинг асосида етказиб берилиши айтилди. Ҳудудда саноат корхоналари барпо этиш учун Олот Божхона чегара комплексига туташ ерларга табиий саноат гази етказилиши ўз натижасини бериши уқтирилди. Шунингдек, ҳар бир секторга 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиши ва шу сармоя эвазига ёшлар ўзларининг тадбиркорлик ғояларини илгари суришлари имконияти мавжудлиги таъкидланди.
– Оиламнинг имкониятидан келиб чиқиб, 4 сотих ерда иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ниятида эканлигимни вилоят раҳбарига айтдим, – дейди туманнинг «Мухтор» МФЙда яшовчи, 29-сонли умумтаълим мактаби битирувчиси Гўзалхон Ҳақбердиева. – Таклифим вилоят раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Менга банкнинг кам фоизли кредит сармояси ажратилишида амалий ёрдам берилди. Жуда ҳам хурсандман. Энди оилам билан томорқамизда меҳнат қилиб даромадимизни оширамиз. Асосийси оиламнинг бандлиги таъминланди.
Азиза Тўхтамуродова эса қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун банкдан имтиёзли кредит маблағи ажратишда амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ўрганилиб, цех учун лизинг асосида контейнер ажратиб беришга қарор қилинди.
Шу куни олотлик ёшлар ўзларининг таклиф ва ташаббусларини вилоят раҳбари билан ўртоқлашди. Улар томонидан билдирилган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.