Олотда маънавият ва маърифат маскани очилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Бухоро вилояти Олот туманида маънавият ва маърифат маскани фойдаланишга топширилди.
Мажмуа очилишида мутасаддилар, соҳа масъуллари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёшлар иштирок этди.

Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар юртимиз мустақилликка эришганидан кейинги давр мобайнида амалга оширилган улкан ишлар, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик, шунингдек, масъулият туйғуси сезиларли равишда ўсгани, бугун биз эришган юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидан экани, бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, халқимизнинг осуда ҳаёти, гўзал ва бетакрор Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини алоҳида таъкидлашди.

Президентимизнинг 2021 йил 21-22-январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Олот тумани марказида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган “Маънавият ва маърифат маскани” биносини қуриш масаласи кўтирилган эди. Мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш “Ўзбекнефтгаз” акционерлик жамияти тасарруфидаги “Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖга топширилди. Шундан сўнг Олот тумани ҳокимининг 2021 йил 11 февралдаги қарори асосида туман марказидаги Халифа маҳалласидан 15 минг метр квадрат ер майдони “Маънавият ва маърифат маскани” биноси қурилиши учун ажратилди. Ўтган йили бошланган иншоот бунёдкорлигига 30 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Қурувчилар жонбозлиги билан икки қаватли бу муҳташам бинода 255 ўринга мўлжалланган концерт, ёшлар учун 62 ўринли кинотеатр, яна 60 ўринли анжуманлар заллари ҳозирланди. Шунингдек, иншоотда 20 ўринли ахборот кутубхона, ахборот технологияларига қизиқувчи йигит-қизлар учун яна шунча ўринли компьютер хонаси ва турли тўгараклар учун 10 та хона барпо қилиниб, талаб даражасида жиҳозланди.
Шундан сўнг алвон лента қирқилди. Тадбирда йиғилган меҳмонлар Маънавият ва маърифат масканида яратилган шарт–шароит, бунда навқирон авлод истеъдодини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсад йўлида фаолиятини бошлаган тўгараклар иши билан яқиндан танишишди.

Зариф Комилов, ЎзА