Янги Ўзбекистоннинг фаровон манзиллари
Мамлакатимизнинг жанубий дарвозаларидан бири, қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош Бухоро вилояти Олот тумани бугун тамомила янгича қиёфа касб этмоқда. Айниқса сўнгги уч йил Олот ва олотликлар ҳаётида унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Туманда ким билан мулоқотда бўлманг, улар бугунги ўзгаришлар ҳақида тўлиб, тошиб гапиради. Айниқса, барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массиви ҳудуд аҳолисига ўзгача ғурур, ўзгача ифтихор бағишламоқда.
– Олот мамлакатимиздаги энг кичик туманлардан бири ҳисобланади, – дейди меҳнат фахрийси Сайфулло Қурбонов. –Аммо салоҳияти жуда катта. Нега, Осиё қитъаси билан Европа қитъасини, аниқроғи, Шимолий, Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ва Европа давлатларини ўзаро бир бири билан боғлайдиган энг асосий катта магистрал йўл Олотнинг устидан ўтган. Шунинг учун йўл бўйида чиройли, манзарали экин ва дарахтлар экилган. Қолаверса, халқимиз учун маиший хизмат кўрсатадиган бинолар қурилган. Катта бозор ҳам шу йўл бўйида қурилган. Нимага деган савол туғилиши табиий. Сабаб шуки, бу Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидан бири ҳисобланади. Туркманистон Республикаси билан қўшни, чегарадош давлат бўлганлиги сабабли биринчи кириб келадиган транзит техникалар, транзит юклар албатта, мана шу чегара орқали ўтади. Хориждан кириб келадиган ҳар бир меҳмон биринчи қадамини албатта, Ўзбекистоннинг Олот туманига қўяди. Олот тимсолида бутун Ўзбекистонни, Олот халқи мисолида эса ўзбек халқининг нималарга қодир эканлигини, қанақанги қудратга эга эканлигини кўради. Мана шуларни назарда тутиб, Президентимиз Олот туманига жуда катта эътибор берди. Ҳар куни бир ўзгариш, янгилик бўлмоқда. Кечаги Олотни бугунгиси билан таққослаб бўлмайди.
Дарҳақиқат тумандаги ўзгаришлар кишининг ҳавасини келтиради. Олот туманида икки йил ичида шундай бунёдкорлик ишлари амалга оширилади, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланади, деса кўпчилик ишонмаган бўлиши табиий. Аммо қисқа фурсат ичида шахсан давлатимиз раҳбари эътибори натижасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
– Бундан уч йил аввал келган одамлар Олотга келиб танимай қолмоқда, – дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Олотдаги бунёдкорликларнинг ғоя муаллифи давлат раҳбари ҳисобланади. Ҳали бу бошланиши. Қурилишлар, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Тўғрисини айтганда, туманда кинотеатр, маданият саройи, кутубхона бўлмаган. Ижтимоий соҳа объектларининг аҳволи ачинарли эди. Фақат Президентимиз танқид қилганларидек, пахта деб юрганмиз. Худога шукр, давлатимиз раҳбари эътибори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 – 2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида туманга уч йил ичида 2 триллион 711 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Президентимизнинг “Бозор тамойилларига асосланган Ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Олот туманида жами 300 та кўп қаватли квартиралар қурилиши белгиланган эди. Қишлоқ қурилиш инвест буюртмаси билан 2020 йилда 5 та 5 қаватли 200 хонадонга, 2021 йилда 5 та 5 қаватли 100 хонадонга мўлжалланган 2 ва 3 хонали уй-жойлар қурилди. Натижада 300 та оила Халифа маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Янги Ўзбекистон массивида янги хонадонга эга бўлди. Ҳозирги вақтда ушбу ҳудудда яна 20 та 5 қаватли 300 хонадонли уй-жойларнинг барчасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Уй қурилди, дегани яшаш учун имконият пайдо бўлди, дегани эмас. Албатта, бу массивда 1.3 километр электр таъминоти, 400 метр газ, 1.6 километр йўл, 2.3 километр канализация, 1 километрга яқин оқова сув тармоқлари ҳам тортилди.
[gallery-8087]
– Давлат раҳбари томонидан ёлғиз оналарга кўплаб имкониятлар берилди, – дейди Зайнура Ҳасанова. – Шу жумладан, арзонлаштирилган уй-жойлар бизга ҳам насиб қилди. Уйимизда барча шароит яратилган. Бундан жуда хурсандман. 2 нафар фарзандим билан яшаяпман. Бунинг учун Юртбошимга раҳмат айтамиз. Келажакда фарзандларимни ҳам ўқитиб элимизга, юртимизга хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялайман.
– Мустақилликдан кейин Олот тумани қандай қиёфа касб этди-ю, кейинги беш йилда қанчалик ўзгаришлар бўлди, – дейди ёзувчи Абдунаби Ҳамро. – Қайси мамлакатки, иқтисодий жиҳатдан бақувват, сиёсий жиҳатдан етук, халқ билан ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлса ўша ерда буюк, улуғ бунёдкорлик ишлари амалга ошади. Нафақат Олотда кейинги беш йилда бутун Ўзбекистонда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Халқнинг бунёдкорлик, яратувчанлик руҳи жўш урди. Юртбошимизнинг ташаббускорлиги, халқ билан якдиллиги, ҳамфикрлиги бу ишлар самарадорлигига муҳим омил бўлди.
Янги массивдаги давлат хизматлари маркази фаолиятидан аҳоли жуда мамнун. Бу ерда жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммолари ва мурожаатларини ҳал этилишига кўмаклашилмоқда. Тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий манфаатлари тўла ҳимоя қилинаётир. Албатта бундай шароит ҳам олотликларнинг фаровон турмуши кафолати, десак асло муболаға эмас.
–Олот туман Адлия бўлимининг замонавий биносида турибмиз, – дейди Олот тумани Адлия бўлими бошлиғи Ифтихор Эргашев. – Биринчи қаватда туман давлат хизматлари маркази, иккинчи қаватда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи, учинчи қаватда юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси жойлашган. Мана шу бинода аҳоли давлат хизматларидан фойдаланиши учун барча имконият яратилган.
Янги массивдаги маданият ва маънавият масканида нафақат маънавий озуқа олиш, балки маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кўриб завқланади киши. Бошланган эзгу саъй-ҳаракатлар ортидан аҳоли бандилигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшилмоқда.
– Давлат раҳбарининг қарорига кўра, республикада 16 та ҳунармандчилик кластерлари ташкил этилган, – дейди каштачилик кластери раҳбари Лола Мухутова. – Асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган кластерлардан биттаси Олот туманида ташкил этилган. Бугунги кунда туманда 150 нафар хотин-қизлар миллий ҳунармандчилигимизнинг каштачилик йўналишида фаолият кўрсатади. Бу ерда янги ташкил этилган Маънавият масканида ҳам айни пайтда 40 нафар хотин-қизларимиз доимий фаолият юритади. Улар учун барча шароитлар яратилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизни нафақат ички бозорда балки, Туркия, АҚШ, Япония давлатларига ҳам экспорт қилмоқдамиз. Тегишли дафтарларга киритилган хотин-қизларнинг рўзғори қўл меҳнати бўлган каштачиликдан тебранмоқда. 3-4 йил олдин бундай шароитларни фақат орзу қилардик. Фақат пойтахтда ёки шаҳарларда, вилоят марказларида кўрардик. Бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан энг чекка ҳудуд Олотда ҳам энг зўр шароитлар яратилмоқда.
Олотда мактабгача таълим ташкилотлари қамрови айни пайтга келиб 70 фоиздан ошди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич бундан уч йил олдин 7 фоизни ташкил қилган. Бундай эътибор ва рағбат ҳам кишиларни эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда. Айниқса, Янги массивда ижтимоий соҳа объектлари қурилишига бўлган эътиборни кўриб, олотликларнинг шижоати янада жўш урмоқда.
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларига қўшимча равишда шакллантирилган “Парвоз Қурувчи” МЧЖ томонидан умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларни ташкил қилган “Тикувчилик-тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси асосида бугунги кунда бино иншоотлари тўлиқ тикланган. 160 дан ортиқ тикув асбоб-ускуналари келтирилиб ўрнатилган мажмуа яқин кунларда иш бошлайди. Лойиҳа амалга оширилганда 400 дан ортиқ киши иш билан таъминланади. Янги массивларда янгича дунёқарашга эга авлод камолга етади.
Эътиборли томони бундай ислоҳотлар туманнинг барча олис, яқин қишлоқларида ҳам амалга оширилмоқда. Бугун фақатгина ушбу массив эмас, бутун Олот янгиланишлар оғушида. Уларнинг тилида шукроналик, дилида ишонч, ҳаракатида эса қатъиятни кўриш мумкин. Бошланган эзгу ишлар эса барча олотликларни яратувчанликка, бунёдкорликка даъват этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА