Олмазордаги мактаб-интернатига интерактив доска тақдим этилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги қарори билан 3 декабрь санаси Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинган эди. 30 йилдирки, ушбу сана бутун дунёда имконияти чекланган инсонлар куни сифатида эътироф этилади. Бугунги кунда ер юзида 1 миллиардга яқин одамлар ақлий ёки жисмоний нуқсондан азият чекишмоқда.

Мамлакатимизда ҳам имконияти чекланган инсонлар йўқ эмас. Мустақиллик йилларида юртимизда яшаётган ногиронлиги бор шахсларнинг солғом одамлар орасида ҳамнафас яшаши, ўқиб билим олиши ва ишлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун махсус мактаб интернатлари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам сўзимизнинг исботи десак, муболаға бўлмайди.

Ана шундай таълим даргоҳларидан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 100-мактаб интернатидир. Мазкур масканда 329 нафар тарбияланувчилар 1-синфдан 11-синфгача билим олишмоқда.


Халқаро ногиронлар куни муносабати билан болажонларга қувонч улашиш, кўтаринки кайфият бағишлаш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ходимлари мактабга ташриф буюришди. Тарбияланувчилар учун байрам дастурхони ёзилди. Шундан сўнг болажонлар эсртада хонандаларининг қўшиқларини тинглаб, маданий ҳордиқ олдилар, рақс гуруҳлари билан биргаликда рақсга тушишди. Айниқса, эртак ва мултфильм қаҳрамонларининг ташрифи тарбияланувчиларга унутилмас хотиралар улашди. Шунингдек, ёш ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда фахр ва она ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини янада оширишга хизмат қилди десак, муболаға бўлмайди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси тадбир якунида барча тарбияланувчиларга алоҳида совғалар улашиш билан бирга муассасадаги таълим сифатини янада ошириш, дарсларни замон талабларига мос тарзда ташкил этиш учун мактаб-интернатига интерактив доска ҳам тақдим этди.
М.Комилова, ЎзА