Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 15-умумтаълим мактаби ёнидаги пиёдалар ўтиш йўлагига илк инновацион светофор ўрнатилди. Эътиборли жиҳати шундаки, пиёдаларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган ушбу светофор инсон омилисиз, сенсорда бошқарилади.
Мазкур кўчада транспорт воситалари жуда кўп ҳаракатланади. Бундан ташқари, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси ва мактаб жойлашган бўлиб, болалар йўлнинг айни шу қисмидан ўтиши керак. Минг афсуски, гоҳида пиёдалар йўлнинг белгиланмаган қисмларидан кесиб ўтиши, гоҳида ҳайдовчиларнинг тезлик қоидаларига амал қилмаслиги натижасида нохуш ҳодисалар юз бериб туради.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБдан маълум қилишларича, ушбу инновацион светофорнинг ўрнатилиши пиёда, айниқса, болаларнинг йўллардаги хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Йўлакчага келишингиз билан сенсор мослама ишга тушади ва автомобиллар учун қизил чироқ ёнади. Бу технологияда инсон омили иштирок этмайди.
Шаҳардаги айрим жойларда пиёдалар ўтиш жойи тугмалар орқали бошқарилишини кўриш мумкин. Бу айрим фуқаролар томонидан тугмалар доимий босиб турилиши ёки фақат яшил чироқ ёниб туриши учун тугмачани боғлаб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Инновацион светофор эса сенсор орқали бошқарилади. Пиёдалар ўтиш йўл белгилари ҳам LED лампалари орқали ёритилади.
Мазкур светофор кундузи қуёшдан қувват олади. Олган қуввати тун бўйи бемалол етади. Бундан ташқари, қўшимча ўрнатилган чироқлар ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорлайди. Бу эса пиёдалар иштирокидаги турли хил хавф-хатарларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Мутахассисларнинг айтишича, келгусида мазкур лойиҳани аҳоли гавжум жойларга кенг татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА