Олмахонларни асраш табиатга ғамхўрлик қилишдир
Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармасига «Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятидан мурожаат келиб тушди.
Унда ТТЗ даҳасидаги кафелардан бирида ноқонуний равишда олмахон қафасда асралиши хабар қилинган.
Давлат инспекторлари воқеа жойига бориб, олмахонни қафасдан озод қилишди ва Мирзо Улуғбек тумани Экология ва атроф муҳит бўлими ҳудудига қўйиб юборишди.
Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати ёввойи ҳайвонлар, жумладан олмахонларни ҳам тутқунликда сақлаш қонун билан тартибга солинишини огоҳлантиради.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда олмахонларнинг 280 дан ортиқ тури бор. Бу сутэмизувчилар Антарктидадан ташқари ҳамма жойда яшашади, шу боис, уларни ҳар ерда учратиш мумкин. Бугунги кунда барча олмахонлар Rodentia (кемирувчилар) туркумига мансуб Sciuridae деб номланган таксономик оилага бирлаштирилган.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқидан олинган маълумотларга кўра, олмахонларнинг йўқолиб кетиши хавф остида бўлган турлари кўп бўлиб, улар Қизил китобга киритилган.
Олимларнинг аниқлашича, олмахонларнинг оғзи олд қисмида тўртта тиши бўлиб, бу тишлар уларнинг бутун умри давомида ўсади ва ёнғоқ, турли озуқаларни кемирганда ҳам емирилмайди. Уларнинг кичик танаси ва юмшоқ панжалари олмахонларга 6, баъзан 10-15 метргача сакрашга ёрдам беради. Жонивор бошини ўгирмай, атроф муҳитнинг каттагина қисмини кўра олади, бунинг сабаби кўзларининг ўзига хос жойлашувидандир. Олмахонлар ғаройиб чопқирлардир – улар соатига 32 км тезликда ҳаракатлана олишади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу жониворлар ажойиб боғбон. Улар эман дарахти меваларини қаерга кўмиб қўйганларини “эсдан чиқазишади” ва унутилган мевалар униб чиқиб, улкан эман дарахтларига айланади.
Олмахонлар қизиқувчан, чаққон, тоза ва чиройли жониворлардир. Уларни пойтахтимизнинг дам олиш боғлари, Ботаника боғи ҳудудларида учратиш мумкин. Афсуски, сўнгги пайтларда улар камайиб бормоқда, ваҳоланки, уларни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Биз бу билан дарахтлар, ўлкамизнинг яшил “ўпкалари”ни, табиатимиз гўзаллигини асраган бўламиз.
Н. Усмонова тайёрлади, ЎзА.