Ўлмас Жамол – икки халқ куйчиси
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Дўстлик» ордени соҳиби, зуллисонайн шоир ва таржимон, Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Ўзим дунё аро дунё» номли сайланма китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўлмас Жамол ижоди, самарали фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
– Шундай адабий анжуманлар, шеърият кечалари бардавом бўлсин,– деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бу дийдорлашувга жуда узоқ йўл юриб келдик. Бундай анжуманлар Президентимизнинг адабиётсеварлиги, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлидаги сиёсатининг натижасидир. Азалдан шу йўлда заҳмат чеккан ижодкорлар борки, улар бу кунларни умр бўйи орзу қилганлар. Талабалик йилларимизда Душанбе шаҳрига ҳам газетага журналистик маҳорат ошириш учун борганмиз. Меҳрибон устозлар орасида Ўлмас Жамол ҳам бор эдилар.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан бирга кўплаб адабий анжуманларни биргаликда ўтказиб келмоқдамиз, – деди «Ватандош» жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов. – Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирларни ҳам Душанбе шаҳри, Тожикистоннинг бир қатор вилоятларида биргаликда ўтказдик. Бу каби адабий анжуманлар халқларимиз қардошлигининг яна бир амалий ифодасидир.
– Ўлмас Жамол шеърияти муҳташамлиги, маъно-мазмуни билан ўқувчилар эътиборини тортади, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Унинг ғазаллари халқимизнинг Шерали Жўраевдек бетакрор ҳофизлари, етук санъаткорлари томонидан куйга солинган. Ушбу қўшиқлар бугунги кунда халқимизнинг бебаҳо кўнгил мулкига айланган.
Маълумки, Ўлмас Жамол 1934 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Дастлабки шеърлар тўплами – «Меҳр булоғи» номли китоби шоирнинг 25 ёшида чоп этилган. Кейинчалик Ўлмас Жамолнинг ўнлаб китоблари Душанбе ва Тошкентдаги нашриётларда чиққан. Ўлмас Жамол ўзбек адабиётида ғазал жанрини қайтадан жонлантирган ижодкорлардан саналади. У умри давомида ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошликни баралла тараннум этди. Икки тилда самарали ижод қилди. Асарларида икки қардош халқнинг абадий дўстлиги, ҳамжиҳатлигини улуғлади.
Ўлмас Жамол журналистика соҳасида ҳам самарали ижод қилди. Узоқ йиллар давомида Душанбеда чоп этиладиган «Халқ овози» газетасида фаолият кўрсатди. У ўзбек адабиётининг Тожикистондаги кўзга кўринган вакилларидан бири эди. Шоир яратган «Сурур», «Масрур», «Манзур», «Маъмур»дан иборат тўрт девон унинг энг сара асарларини ўз ичига олади. Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Мўмин Қаноат, Лойиқ Шерали, Қутби Киром, Гулназар Келди, Гулрухсор, Асқар Ҳаким, Меҳмон Бахтий, Камол Насрулло ва бошқа тожик шоирларининг шеърларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, таржимонликда ҳам ўз салоҳиятини намоён этди.
Ўлмас Жамол ижоди Ўзбекистонда ҳам эътироф ва эҳтиромга сазовор бўлган. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жамол Камол каби қаламкашлар томонидан юксак баҳоланган. У «Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Дўстлик» ордени билан тақдирланган эди. Шунингдек, Абулқосим Лоҳутий номидаги мукофотга ҳам муносиб топилган. Айтиш керакки, Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги мамлакатимиз ҳамда Тожикистонда кенг нишонланмоқда.
Айтиш керакки, «Ўзим дунё аро дунё» номли сайланма китоби «Ватандошлар» жамоат фонди ҳомийлигида нашр этилган бўлиб, унда Ўлмас Жамолнинг Ватан, дўстлик, меҳр-оқибат, беғубор инсоний туйғулар тараннум этилган шеърлари ўрин олган.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири