Олмаотага тўққизта Ил-76 самолёти етиб келди
Қозоғистоннинг Олмаота аэродромига тўққизта Ил-76 самолётида Россия ҳарбий ҳаво десантчилари етиб келишди, деб хабар бермоқда Россия мудофаа вазирлиги.
Россия контингенти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) тинчликпарвар кучлари таркибига киради. Бундан аввалроқ Арманистон мудофаа вазирлиги ҳам 100 нафар ҳарбий хизматчисини жўнатгани ҳақида баёнот берган эди.
Куни кеча Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда бўлаётган тартибсизликларни бостириш учун ҳарбий ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилган эди.
Қозоғистонга Россия ва Арманистондан ташқари, КХШТнинг бошқа аъзолари ҳам ёрдам кўрсатади. Маълумот учун: мазкур ташкилотга Россия, Арманистон, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради. Аввал таъкидланганидек, тинчликпарвар кучлари маъмурий ва дипломатик объектларни қўриқлайди ҳамда маҳаллий ҳарбийларга тартиб ўрнатишда ёрдам беради.