Олий тиббий таълимдаги халқаро ҳамкорлик
Тошкент давлат стоматология институти ҳамда Малайзиянинг Малая университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, институтниг 10 нафар ўқитувчи ва 5 нафар талаба-ёшлари Малая университетида академик сафарда ҳам бўлишди.
Икки олий таълим муассасаси раҳбариятининг навбатдаги онлайн мулоқотида мазкур ҳамкорликни янада кучайтириш борасида сўз юритилди. Талабалар ва педагоголар академик алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди. Шунингдек, илмий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, юз-жағ жарроҳлиги соҳасида ҳамкорликда илмий ишларни олиб бориш, Малая университети лабораторияларидан фойдаланиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

– Тиббий таълимда халқаро тажрибани ўрганиш, айниқса муҳим аҳамиятга эга, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров. – Шу боис, олдимизга халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий олий таълим муассасалари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган. Ушбу вазифалар ижросини таминлаш мақсадида Малайзиянинг Малая университети билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, бир нечта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдамиз. Бугунги мулоқот чоғида талабалар ва профессор-ўқитувчилар академик алмашунувини давом эттириш ва бошқа бир қанча масалалар юзасидан келишувлар аамалга оширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА