Олий таълимга қамров даражаси янада ошади
Андижонда “Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш чоралари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида O`zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоятдаги олий таълим муассасалари масъуллари, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилоти раислари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг аҳамияти, унда юртимизда сўнгги беш йилликда амалга ошириладиган улкан ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилганлиги таъкидланди.
– Стратегияда бугун юртимизнинг тараққий этиши ва жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари қаторига олиб чиқиш учун муҳим бўлган барча жабҳалар қамраб олинган, – дейди O`zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Қолаверса, уни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатда олий таълим тизими ва унинг келгуси истиқболига оид бир қанча муҳим масалалар ифода этилган. Жумладан, 46-мақсадда Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш кўзда тутилган.
Тадбирда ана шу йўналишда вилоятдаги олий ўқув юртларида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Олий таълим муассасалари вакиллари жорий йилда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида қабул параметрларини ошириш, айнан шу йил ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш тартибини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, амал қилиш механизми, шунингдек, олий ўқув юртларида янги очилаётган йўналишлар ҳақида маълумот берди. Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни белгиланган тартиблар асосида самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-6640]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА