Олий таълимда янги ўқув йили масофавий тарзда бошланади
Сентябрь ойидан бошлаб юқори босқич (иккинчи босқичдан бошлаб) талабалари учун ўқиш онлайн тарзда бошланади.
Сентябрь ойидан бошлаб юқори босқич (иккинчи босқичдан бошлаб) талабалари учун ўқиш онлайн тарзда бошланади. Бу ҳақда Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА мухбири.
– Янги ўқув йилига тайёргарлик масаласи ҳам жуда мураккаб бўлиб турибди. Март ойидан буён биз онлайн тизимида дарсларни ўтказяпмиз, лекин хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, онлайн тизими одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун биз максимал тарзда ҳаракат қиляпмиз, ҳозирча сентябрь ойидан бошлаб 2, 3 ва 4-курс талабаларига ўқишни онлайн тарзда бошлаймиз, октябрь ойида 1-курсларни ҳам қабул қилиб олганимиздан кейин пандемия сал юмшаса, унда балки анъанавий тизимга яна қайтармиз, – деди Ўктам Умурзоқов. – Лекин биз ҳар қандай вазиятга тайёр туришимиз керак. Дунёда ҳали бундай вазият бўлмаган, ҳеч кимда тажриба йўқ. Албатта биз хорижий тажрибани ҳам чуқур ўрганган ҳолда вазиятга ёндошамиз.
Эслатиб ўтамиз, бугунги йиғилишда Шавкат Мирзиёев 25 августгача барча 7 минг 200 дан зиёд фан бўйича назарий ва амалий машғулотларнинг рақамли услубий таъминотини ва масофавий таълимга мослаштирилган ўқув дастурларини яратиш бўйича топшириқ берган эди.