Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Хитой Халқ Республикаси таълим вазири Хуай Цзиньпин билан музокаралар олиб борди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, муҳандислик таълими, рақамли технологиялар, касбий таълим ва педагог кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 29 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилгани, Урганч давлат университетида Пекин университети ҳамкорлигида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Халқаро математик марказ очилгани алоҳида таъкидланди. Учрашувда, шунингдек, Циан нефть университетининг Самарқанддаги филиали ҳамда Пекин технология институти билан ҳамкорликда Инженерлик инновациялар лабораториясини ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.

Томонлар касбий таълим соҳасидаги “Ўзбек–Хитой касбий таълим алянси” фаолиятини ривожлантириш, “Хитой устахоналари” лойиҳасини ҳар бир ҳудудда жорий этиш ва рақамли таълим йўналишида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишиб олдилар. Қўнғиротбой Шарипов, шунингдек, хитой тилини ўқитишни янада ривожлантириш, синхрон таржимонлар ва юқори малакали лингвистлар тайёрлаш борасида ҳам амалий қадамлар ташлашни таклиф этди.
Учрашув якунида вазирлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, 2-3-ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Хитой иккинчи таълим форуми доирасида аниқ ташаббусларни илгари суришга келишиб олдилар.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири