Олий таълим: халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим, илм-фан ҳамда инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Андижон давлат техника институти 2019 йилдан буён Хитой Халқ Республикасининг Шимолий Хитой технология университети билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида бугунги кунга қадар 22 нафар талаба қўшма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаб, Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасаларининг дипломига эга бўлди.
Бугунги кунга келиб, ҳамкорликнинг янги босқичи доирасида Шимолий Хитой технология университети билан 2+2 қўшма бакалавриат таълим дастурини йўлга қўйиш режалаштирилган. Мазкур дастур асосида талабалар дастлабки икки йил Андижон давлат техника институтида, кейинги икки йилда эса Хитойда ҳамкор университетда таҳсил олиб, иккита диплом олиш имкониятига эга бўладилар.
Дастур доирасида “Ахборот тизимлари ва технологиялари” ҳамда “Мехатроника ва робототехника” таълим йўналишлари бўйича талабаларни қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилда Андижон давлат техника институтида Хитой тили марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Мазкур марказ талабаларнинг хитой тилини чуқур ўрганиши, академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этиши ҳамда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.


Таълим соҳасидаги ушбу ҳамкорлик профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қўшма таълим дастурларини кенгайтириш, замонавий технологияларни таълим жараёнига жорий этиш ва илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш орқали янада мустаҳкамланмоқда.
Андижон давлат техника институти профессор-ўқитувчиларининг Хитой Халқ Республикасида ташкил этилган халқаро малака ошириш дастуридаги иштироки ўзаро ҳамкорликнинг амалий намунаси бўлди.
Андижон давлат техника институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Хитой Халқ Республикасининг Хэфэй шаҳрида ташкил этилган “Янги энергия манбали автомобилларнинг асосий технологиялари” мавзусидаги халқаро малака ошириш дастурида қатнашди. Дастур доирасида иштирокчилар электр ва гибрид автомобилларнинг замонавий конструкцияси, қувват батареялари ва технологиялари, интеллектуал транспорт тизимлари, носозликларни диагностика қилиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш бўйича назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлади.


Шунингдек, амалий машғулотлар жараёнида янги энергия манбали автомобилларни диагностика қилиш, саноат роботларини бошқариш ва дастурлаш ҳамда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Дастур доирасида институт вакиллари Хэфэй шаҳридаги BYD ва CHANGAN автомобиль ишлаб чиқариш базаларига ташриф буюриб, электромобилларни ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари, юқори самарали ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда инновацион ечимлар билан яқиндан танишдилар.

Мазкур халқаро малака ошириш дастури институт профессор-ўқитувчиларининг касбий билим ва салоҳиятини ошириш, янги энергия манбали транспорт воситалари бўйича илғор хорижий тажрибаларни таълим ва илмий фаолиятга татбиқ этиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири