Олий таълим: сифат ва самарадорлик
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси Ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларидаги таълим сифати ўрганилмоқда.
Мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, соҳага инновацион иш услубларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни оммалаштириш, таълим сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим сифати бўйича ўрганиш давомида мавжуд муаммолар, педагоглар малакаси, ўқув жараёни билан боғлиқ масалалар танқидий таҳлил этилаётир. Бу борада олий ўқув юртларида йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатилиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан тавсиялар берилмоқда.
Ўрганиш давомида билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар асосида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази томонидан вилоятдаги олий ўқув юртлари факультетлар декани, кафедра мудири ва бўлим бошлиқлари иштирокида «Олий таълимда таълим сифати самарадорлигини ошириш ва персонални бошқариш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Айни кунда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар ўқитувчининг касбий малакаси ҳамда салоҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради.
[gallery-6414]
– Ўқитувчи ўз билимини ўқувчига бериш жараёнида унинг шахси, қизиқишини ўрганиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши керак, – дейди Андижон давлат университети Педагогика институти директори Бахтиёр Расулов. – Бу биринчи навбатда ўқитувчидан нафақат билимли бўлиш, балки ўқитиш жараёнида янгиликлар, илғор ва инновацион иш услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар билан ишлаш борасидаги малака ва салоҳиятни юксалтиришни талаб этади.
Семинарда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази директори ўринбосари Музаффар Эсонов ҳамда соҳа мутахассислари томонидан таълим жараёнига таъсир этувчи омиллар, хусусан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, моддий-техник базадан фойдаланиш, услубий таъминот масалалари бўйича маълумот берилди. Шунингдек, семинар-тренингда талабаларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, уларга мотивация бериш, модуль-кредит тизимида баҳолаш, ёшларни дарсларга жалб этишда инновацион услублардан фойдаланиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА