Олий таълим самарадорлиги – ислоҳотлар талаби
Муносабат
Президентимиз Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табригини йўллар экан, ўтган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлганини, меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланаётганини таъкидлади.
Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ердаги илм-фаннинг қай даражада ривож топгани билан узвий боғлиқ. Илм ва таълимга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмуни, мақсади инсон манфаати, жамият ривожи, давлат тараққиётига қаратилган.

Хусусан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали бугунги кунда тоғ-кон саноати учун етук малакали, рақобатбардош муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Бугунги кунда филиалда 3 та факультет, 10 та кафедра мавжуд бўлиб, 11 та бакалавр, 6 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим йўналишларида талабалар таҳсил олмоқда. 2024-2025 ўқув йили учун филиалга кончилик иши (фаолият турлари бўйича), кончилик электр механикаси, кимё муҳандислиги, металлургия муҳандислиги, металлар технологиялари, технологик машиналар ва жиҳозлар, механика муҳандислиги, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги таълим йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинди. 6 минг нафардан ортиқ талабага 166 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йиллар олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу орқали олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва академик тажрибасини орттириши учун имконият яратишдир.
ТДТУ Олмалиқ филиали илмий изланишлар ва халқаро ҳамкорликлар борасида салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда. Бугунги кунда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати юқори бўлган 5 та амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар Тошкент вилоятида энергия тежаш ишларида ҳам фаолият юритиб, ҳудудда энергия ресурсларидан самарали фойдаланилишига эришишга ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирда, ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари ва селекция ютуқлари учун жами 12 та патент, АКТга оид дастурлар ва электрон маълумотлар базалари учун олинган гувоҳномалар, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган турли материаллар 45 тани ташкил этади.
2024 йилнинг 15-16 май кунлари “Минерал хом-ашёлар ва техноген чиқиндиларни самарали қайта ишлашнинг муаммолари, истиқболлари ва инновацион ечимлари” мавзусида республика илмий-техник, ёшлар учун илмий-амалий анжуманлар ўтказилди. Бугунги кунда филиалимизда бакалавр йўналишида жами 6 минг 80 нафар талаба таълим олмоқда. Иқтидорли ёшлар жамиятнинг, ҳар бир оиланинг фахри, келажаги ҳисобланади.

Талабаларимиз республика миқёсида ўтказилган танловлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгалламоқда. Икки юзга яқин олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган интеллектуал “Заковат” ўйинларида филиалимизнинг “Парвоз” клуби бир неча бор гран-при совриндорлари бўлди.

Илм-фанга қизиқиши, интилиши кучли бўлган, маълум ютуқларга эришган ҳамда ижодий қобилияти билан филиал маънавий-маърифий ҳаётида фаол қатнашаётган талабалар таҳсил олган мактабларда ҳам “Талаба ўқиган мактаб” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Маънавий-маърифий йўналишдаги барча тадбирлар мазмун-моҳияти талаба-ёшларнинг қобилиятини кашф этиш ва намоён этишларига қаратилган. Дунёқараши кенг, ижодкор, билимли, китобхон ёшлар сафини кенгайтириш ҳамда етук, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис кадрларни тайёрлашда филиали жамоаси сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Алишер Самадов,
ТДТУ Олмалиқ филиали директори, профессор.
ЎзА