Олий таълим: истиқболли ҳамкорлик
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Хитой Халқ Республикасининг Сючжоу саноат-технологиялар коллежи ва XCMG компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Хитой делегацияси вакиллари билан университет ректори Б.Жоллибеков ўртасида таълим, фан ва ишлаб чиқариш йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида томонлар замонавий технологиялар асосида юқори малакали, амалий кўникмага эга мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўзаро фикр алмашди.

Учрашув якунида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Сючжоу саноат-технологиялар коллежи ва XCMG компанияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумда қурилиш машинасозлиги соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш, ўқув дастурлари ва ўқув-методик ресурсларни биргаликда ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва техник мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, талабаларни амалий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида дуал таълим тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Ушбу тизим орқали талабалар назарий билимларни университетда эгаллаш билан бир қаторда, XCMG компаниясининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида бевосита амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш, замонавий техника ва технологиялар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос келадиган касбий компетенцияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Томонлар, шунингдек, Қорақалпоқ давлат университетининг Қурилиш факультетида “XCMG хорижий қурилиш ва машинасозлик технологиялари институти”нинг Ўзбекистон филиалини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш масаласини муҳокама қилишди. Ушбу лойиҳа доирасида замонавий ўқув дастурларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибани таълим жараёнига олиб кириш ва ишлаб чиқариш билан узвий боғланган мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Учрашувда томонлар таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, дуал таълимнинг самарали механизмларини жорий этиш ва қўшма таълим лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш бўйича келишиб олди. Ушбу ҳамкорлик Қорақалпоқ давлат университетида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, халқаро тажрибани ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда замонавий муҳандислик йўналишлари учун малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири