Олий суд раисининг қабули тунгача давом этди
Республика ишчи гуруҳи томонидан Иштихон туманида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Навоий вилоятлари аҳолиси учун ўтказилаётган оммавий сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исломов ва судьялар 513 нафар фуқарони қабул қилди.
Маълумотларга кўра, мурожаатларнинг 244 таси жиноят ишлари бўйича, 196 таси фуқаролик, 33 таси иқтисодий ва 40 таси маъмурий ишлар бўйича судларга тегишли бўлди. Қабул давомида 112 та мурожаат жойида ҳал этилди, 292 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. 221 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация ва такроран кассация тартибида хал қилиш учун қабул қилинди. Жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 95 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 13 та жиноят иши бўйича 13 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод этилди, 1 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан суд мажлисларида тадбиркорларнинг 2 миллиард 331 миллион сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди. 12 соат давом этган қабулда охирги мурожаатчигача эшитилди ва уларга ўз фикрини тўлиқ баён этишига имкон берилди. Ҳар бир масала атрофлича эшитилиб, хулоса берилди. Ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланди. Муҳими, одамларнинг қабулдан рози бўлиб кетиши, кўнглида умид уйғониши ва адолат борлигига ишонч ҳосил қилишига эришилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА