Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан оммавий қабуллар ўтказилмоқда.
Дастлабки қабул Самарқанд туманида ўтказилди. Унда Самарқанд, Тойлоқ, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида ташкил этилган қабулда Олий суд, Судьялар Олий Кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Президент Халқ қабулхоналари, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбар-ходимлари томонидан 370 нафар мурожаатчи қабул қилинди.
– Мурожаатларнинг 132 таси жиноят ишларига, 65 таси маъмурий ҳуқуқбузарликлар, 138 таси фуқаролик, 18 таси иқтисодий ишлар, 17 таси оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишларга оид бўлди – дейди Самарқанд вилояти судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Набиев. – 28 нафар фуқаронинг даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига, 45 нафар фуқаронинг кассация шикоятлари Олий судда кўришга қабул қилинди. 8 нафар фуқаронинг аризаси бўйича ишлар аппеляция инстанциясига кўришга тайинланди, 107 нафар ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Қабул давомида 41 нафар фуқарога алимент ундириб берилди, 15 нафар фуқаронинг пенсия таъминоти билан боғлиқ низолари ҳал этилди, 19 ҳолатда фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди, 5 ҳолатда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволар бўйича тарафлар яраштирилди.
2 нафар тадбиркорлик субьектининг кассация шикоятлари Олий судда кўришга қабул қилинди, 8 та юридик шахс вакили ва тадбиркорга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди, 4 та ҳолатда иқтисодий ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди ва ижобий ҳал қилинди.
Оммавий қабул доирасида ишчи гуруҳ томонидан жазо ўтаётган фуқароларнинг ҳам мурожаатлари эшитилди. 70 нафар маҳкум қилмишидан чин кўнгилдан пушайман эканлиги, ўзига тегишли хулоса чиқарганини баён қилди. Бу мурожаатларнинг ҳар бири батафсил ўрганиб чиқилди. Ташкил этилган сайёр суд мажлисида 24 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 45 нафар маҳкум тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликдан чеклаш жазосидан муддатидан олдин шартли озод қилинди.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаган А.Расулов ва А.Камолов, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидан Б.Давлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли озод қилиниб, уйига кузатиб қўйилди.
Хусусан, “Sam FERRE” хусусий корхонаси вакили Шаҳбоз Сайфиддиновнинг божхона омборини кенгайтириш масаласидаги мурожаати шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ўқитувчиси Қ.Тангиров ноҳақ ишдан бўшатилган эди. Адолатсизликка илм даргоҳидан ечим топа олмаган ўқитувчи Олий суд раисининг қабулига кириб, мурожаат қилган эди. Мурожаати одилона кўриб чиқилиб, тегишли суд ҳужжатларига биноан у ўз ишига тикланди. Қ.Тангиров оммавий қабулда Олий суд раисининг қабулига кириб, адолатни тантанасини таъминлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган 136 та нафар фуқаролар
ва тадбиркорлик субъектлари ёзма ва оғзаки ташаккурнома билдирдилар.
Қабул чоғида Самарқанд туманидаги “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган, эҳтиёжманд оилаларнинг бир гуруҳига маҳаллий кенгашлар депутатлари учун ажратилган маблағ ҳисобидан тикув машинаси, мотокультиватор ва бошқа даромад топиш мумкин бўлган воситалар тарқатилди.
Оммавий қабуллар бугун Иштихон ва Қўшработ туманларида, 2 апрель куни Паст Дарғом тумани ва Каттақўрғон шаҳрида, 3 апрель куни эса Ургут туманида яқин ҳудудлар аҳолиси учун ўтказилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА