Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд пленумининг еттита қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда одил судловни амалга оширишнинг процессуал тартибини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Натижада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси ошмоқда.
Таъкидланишича, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилишга доимий эътибор қаратилмоқда. Инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи воситалар, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солиш, ноқонуний айланишининг олдини олишга ҳаракат қилинмоқда.
- Олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан аҳоли саломатлигига путур етказиш билан боғлиқ жиноятлар сони сезиларли даражада ошган, - дейди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов. - Судлар томонидан 2019 йилда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилмаган бўлса, 2020 йилга келиб ушбу тоифадаги қилмишлар билан боғлиқ жами 213 нафар шахсга нисбатан 138 жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 186 нафар шахсга нисбатан 124 ёки 87,3 фоиз айблов ҳукми чиқарилган.
Мазкур тоифадаги жиноятларни содир этган шахслар ва уни муомалага киритишдан манфаатдор томонлар жиноятларни яшириш ҳамда олдиндан пухта режалаштирилган ҳолда ҳаракат қилиб келган.

Шу муносабат билан Жиноят кодексининг “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик” учун жавобгарлик белгиланган 251-1-моддасига жиноий таъқибнинг таъсирчанлигини ошириш борасида қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Шу сабабли суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш чоғида айрим масалалар юзага келганлиги Олий суд пленумининг “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини қабул қилишни тақозо этди.
Қарорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилди.
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Аммо мазкур тоифадаги жиноий қилмишлар домига тушиб қолаётганлар йўқ эмас.
Олий суд томонидан 2016-2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида шу йўналишда кўрилган ишлар бўйича 62 нафар шахс судланган. Ачинарлиси, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади.
Судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган.
Терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслардир.
Суд амалиётида экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар Жиноят кодексининг 244-2-моддаси билан квалификация қилинади.
2016-2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг биринчи ярми давомида мазкур тоифадаги жиноятларни содир этганлиги учун 9 нафар шахс судланган.
Суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўришда ягона амалиётни шакллантириш юзасидан айрим масалалар бўйича тушунтириш бериш лозимлигини кўрсатди.
Шу муносабат билан “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги пленум қарорини қабул қилиш зарурати туғилди.
Қарорда терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бешта қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотининг мантиқий давоми бўлди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонунларнинг барчаси суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга замин яратди.
Мазкур қонунларда фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, прокурорнинг айбловдан воз кечишининг ҳуқуқий асослари ва процессуал тартибини белгилаш назарда тутилди.
Натижада ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ортди. Шунингдек, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча диққат-эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилди.
Энг асосийси, кассация инстанцияси ҳам тўлиқ ислоҳ қилинди. Шу муносабат билан судларга ушбу қонун нормаларини бир хилда тўғри қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд пленумининг “Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти”, “Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, мажлисда Олий суд пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Судлар раислари ва судьялар, сенаторлар, депутатлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси каби тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар иштирок этган мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА