Олис қишлоқ аҳолиси ҳолидан хабар олинди
“Барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши,одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан олинган бу гаплар – вазифаларга ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида амал қилиши керак.
Қашқадарёда дам олиш кунлари вилоятнинг чекка қишлоқлари аҳолисининг турмуши билан танишиш,уларга яратилган шароитлар билан қизиқиш,муаммоларини ўрганиш мақсадида одамлар билан мулоқот қилиш анъанага айланган.

Молия вазирлиги Ғазначилиги вилоят бошқармаси раҳбарлари Чироқчи туманидаги Мирзатўп фуқаролар йиғинига қарашли Сариққамиш қишлоғида бўлиб,аҳолининг кайфияти билан қизиқди.Кам таъминланган,ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга совғалар улашилди.Қишлоқ аҳли билан дастурхон устидаги суҳбат оқшомга қадар давом этди.
–Ҳокимимиз Зоир Мирзаев ташаббуси билан вилоятнинг чекка ва олис қишлоқларига бориб,аҳолининг кайфияти,турмуш тарзи,муаммолари билан қизиқаяпмиз.Қўлимиздан келганча уларга ёрдам қилишга ҳаракат қилаяпмиз,–дейди вилоят Ғазначилик бошқармаси бошлиғи Ғулом Аҳмедов.–Бу гал Сариққамиш қишлоғи одамлари билан суҳбатлашдик.Ўттизга яқин оилага уй-рўзғор буюмлари совға қилдик.Қирққа яқин фуқарони қабул қилиб,фикр-мулоҳазаларини,муаммоларини эшитдик.Қишлоқнинг тарихи,таниқли одамлари, ўзига хос анъаналари ҳақидаги суҳбатларимиз ярим тунга қадар давом этди.
Бундай учрашувлар вилоятнинг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.
А.Тайпатов,ЎзА