Олис ҳудудларда газ таъминоти яхшиланди
Мамлакатимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида барча соҳаларда бўлгани каби аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳат “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ҳамда унинг туманлардаги бўлимларида алоҳида устуворлик касб этмоқда.
Вилоятнинг барча ҳудудларида “Маҳаллабай” тизими асосида иш олиб борилаётгани ўз самарасини бермоқда. Айниқса, олис ва чекка манзилларда яшовчи истеъмолчиларга суюлтирилган газни ўз вақтида, белгиланган режага асосан етказиб берилиши таъминланмоқда.

Поп туманининг Чодак боши маҳалласи вилоят марказидан 100-120, туман марказидан эса 55-60 километр узоқликда жойлашган. Ушбу ҳудудга ҳам “Поптумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун суюлтирилган газга тўлдирилган газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Маҳалла фаоли Имомали Усмоновнинг айтишича, суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Тўловлар ҳам онлайн карталар орқали амалга оширилаётир. Шунингдек, газ баллонларини тарқатиш давомида турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ундан фойдаланганда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш лозимлиги ҳам тизим ходимлари томонидан тушунтириб ўтилмоқда.
– Чодакбошида 213 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлиб, улардаги маиший газ баллонлари сони 244 та. Ҳар 30-35 кунга бормай аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда, – дейди “Поптумангаз” газ таъминоти бўлими раҳбари Тўрахон Тожиев. – Жорий йил бошидан буён истеъмолчилар 126,3 тонна суюлтирилган газ билан таъминланган бўлса, бугуннинг ўзида 220 дона маиший газ баллонида 4,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
“Имом ота” маҳалла фуқаролар йиғини Попнинг тоғли ҳудудида жойлашган. Ушбу гўшада 1044 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Табиий газ етиб бормаган хонадонларга 1193 дона маиший газ баллонлари етказиб берилган. Маҳалла аҳлига йил бошидан буён бир маромда суюқ газ етказиб берилмоқда.

Истеъмолчилар шу йилнинг ўтган давригача 28,7 тонна суюлтирилган газ билан таъминланган бўлса, ноябрь ойининг дастлабки кунларида 220 дона маиший газ баллонида 4,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Бундай амалий саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш даражасини кўтариш, одамлар дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш, асосийси совуқ кунларни талофотсиз ўтказиб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.