Пойтахтимизда кимё фани бўйича 56-Халқаро Менделеев олимпиадаси бошлангани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун олимпиаданинг биринчи босқичига старт берилди. Бу босқич – кимё фанидан саккизта назарий масалалар ечиш босқичидир.
Айтиш жоизки, ушбу олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 12 нафар ёшларимиз иштирокчи сифатида қатнашмоқда.
56-Халқаро Менделеев олимпиадаси иштирокчиларининг кузатувчи-ўқитувчилари ва мутахассислари учун «Янги Ўзбекистон» университетида экскурсия ташкил этилди.
Мазкур университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантиришдир.
Шу мақсадда янги университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Масалан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади. Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Экскурсия давомида олимпиадага ташриф буюрган ўқитувчи ва мутахассислар ушбу университет фаолияти, ўқув жараёнлари билан яқиндан танишиш асносида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг қамрови, аҳамияти, нечоғли ортга қайтмас тус олганига ўзлари яна бир карра гувоҳ бўлдилар.
Н.Усмонова, ЎзА