Олимпиада ўйинларида қатнашувчилар сафи кенгаймоқда
Мамлакатимизда спортни жумладан, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини жадал ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ўз самарасини бераётир. Буни сўнгги йилларда спортчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги замон барча соҳаларда, жумладан, спортда ҳам янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Бу, мамлакатимизда оммавий спорт ривожи йўлидаги ишларни янги босқичга кўтариш, терма жамоалар, мураббий ва спортчиларнинг профессионал маҳоратини муттасил ошириб боришни тақозо этмоқда.
Айни кунларда мамлакатимизнинг етакчи спортчилари 2024 йилги нуфузли мусобақалар ва ёзги Олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бу жараённи замонавий талаблар асосида ташкил этишда дастуриламал бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар, спорт федерациялари томонидан изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг мисолини, бугунги кунга келиб спортчиларимизнинг «Париж-2024» Олимпиадаси учун қўлга киритган лицензиялари сонида кўришимиз мумкин. Яқиндагина футболчиларимизнинг қўлга киритган тарихий ғалабаси делегациямиз ҳисобидаги йўлланмалар сонини 38 тага етказди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, боксда 9 та, велоспортда, таэквондода 4 тадан, бадиий гимнастика, замонавий бешкураш, сувга сакраш, қиличбозлик, камондан ўқ отиш, футбол, енгил атлетика ва аёллар курашида 1 тадан, эркин кураш, юнон-рум кураш ва эшкак эшишда 3 тадан, академик эшкак эшиш ва спорт гимнастикасида 2 тадан йўлланма қўлга киритилди.

Ҳамюртларимиз «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларида нафақат спортчи, балки ҳакам сифатида ҳам иштирок этади. Халқаро гимнастика федерацияси томонидан эълон қилинган бўлажак Олимпия ўйинларида фаолият олиб борувчи ҳакамлар орасида ҳамюртимиз ҳам бор.
Унга кўра, спорт гимнастикаси бўйича халқаро тоифадаги ҳакам Равшанбек Мирзаев «Париж-2024» беллашувларида дунёнинг энг кучли атлетлари иштирокидаги баҳсларни баҳолаб боради.
Шу ўринда, Ўзбекистон делегациясининг ўтган икки Олимпия ўйинларига назар ташлайдиган бўлсак, 2016 йили Бразилиянинг Рио-Де-Жанейро шаҳрида Олимпия ўйинларида вакилларимиз 13 спорт турида 70 та йўлланмага эга чиқиб, 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза жами 13 та олтин жамғарган бўлса, «Токио-2020» Олимпиадасида 67 нафар спортчимиз 15 спорт турида беллашувларга кириб, 3 та олтин ва бронза медалини эгаллаган эди.

2024 йили дунё аҳлининг диққат-эътибори ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақаси – Франциянинг Париж шаҳри мезбонлик қиладиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига қаратилади. Ушбу нуфузли ўйинларда спортчиларимиз юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистонимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксалтиришига ишонамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА