Олимпиада чемпионидан маҳорат дарслари
Оғир атлетика бўйича Рио-2016 Олимпиада чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби Руслан Нуруддинов Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, мураббий ва спортчилар билан учрашди.
Ўзининг спортдаги тажрибалари билан бўлишиш мақсадида Нукус шаҳри, Тахиатош ва Шуманай тумани спортчилари билан учрашиб, маҳорат дарсларини ўтказди. Ушбу тадбирларда халқаро тоифадаги спорт устаси, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпиони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган спортчи Рустам Жангабаев ҳам иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган бўлажак чемпионларни тарбиялашдан иборат эди.
Учрашувларда юртимизнинг таниқли спортчилари спортдаги дастлабки қадамлари, ҳаётий тажрибалари, машаққатли меҳнати орқали эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди. — Бундай имкониятлар яратилган жойдан бир нечта Олимпия чемпиони чиқиши шарт, — деди Олимпия чемпиони, Тахиатош туманида янги барпо этилган оғир атлетика залида бўлиб ўтган маҳорат дарси пайтида. Бу ерда ёшлар учун яратилган имкониятларга у жуда юқори баҳо берди.

Спортчи ёшлар чемпионга ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, тегишли жавоб олишди. Шунингдек, оғир атлетика спорт турининг ўзига хос бўлган машғулот усулларини чемпионнинг кўрсатиб беришига гувоҳ бўлиб, ўзларига намуна олишди. Бундай маҳорат дарслари эса Оролбўйидан келгусида дунёга машҳур чемпионларнинг етишиб чиқишига асос бўлиши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Руслан Нуруддинов — ўзбекистонлик машҳур оғир атлетикачиси, 2016 йил Рио-де-Жанейро Олимпиадасининг олтин медали соҳиби ва рекордчиси. 3 карра жаҳон чемпиони, 5 карра Осиё чемпиони, 10 карра Ўзбекистон чемпиони ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи" унвони соҳибидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири