Олимлар вазн камайтиришнинг янги йўлини аниқлади
Буюк Британиянинг Кембриж университети тадқиқотчилари мияга таъсир қилиш орқали вазн камайтиришнинг икки хил механизмини аниқлашди.
“Nature Metabolism” журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, иштаҳа ва метаболизмни бошқаришда иштирок этувчи GIPR рецепторини ҳам фаоллаштириш, ҳам блоклаш вазн камайишига олиб келиши мумкин. Бироқ бу жараёнлар миянинг турли қисмлари орқали амалга ошади.
Тадқиқотда GIPR рецепторини фаоллаштирувчи воситалар асосан мия сопига таъсир қилиши ва натижада иштаҳани пасайтириб, вазн камайишига олиб келиши аниқланган. GIPR блокланганда гипоталамусдаги тўйиш сигналларига тўсқинлик қилувчи ўзига хос “тормоз” механизми сусаяди. Бу эса тўйиш ҳиссини кучайтириб, озиқ-овқат истеъмоли ва тана вазнининг камайишига ёрдам беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кашфиёт замонавий вазн камайтирувчи дориларнинг таъсир механизмларини яхшироқ тушуниш ва ножўя таъсирлари камроқ бўлган самарали препаратларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкин. Хусусан, GIPRни блоклаш семиришга қарши бошқа препаратлар, жумладан, GLP-1 рецепторларига таъсир қилувчи дорилар самарасини кучайтириши мумкин.
Айни пайтда ушбу тамойилга асосланган айрим дорилар ишлаб чиқилмоқда. Аммо бундай комбинацияларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳали клиник синовларда тўлиқ тасдиқланмаган. Тадқиқот сичқонларда ўтказилган. Шу сабабли аниқланган механизмлар инсон организмида ҳам худди шу тарзда ишлаши ҳозирча номаълум.
Ф.Яхшибоева, ЎзА