Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари сунъий интеллект асосида фойдаланувчига унинг вафот этиш санасини аниқлашга ёрдам берувчи дастур ихтиро қилди. У “death clock” яъни “Ўлим соати” деб номланди. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ихтирочилар ўз ишланмасини сунъий интеллектга асосланган, узоқ умр кўриш учун ёрдам берадиган дастур дея таъкидлаган. Фойдаланишдан олдин у махсус анкеталар ёрдамида эгасининг соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Уларда оғирлик, қондаги қанд даражаси ва босими, уйқу сифати, жисмоний фаоллик, ёмон одатлар, овқатланиш ва умр кўриш давомийлигига таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, кутилаётган ўлим санасини ҳисоблашда инсоннинг ижтимоий ҳаёти ва руҳий ҳолати баҳоланади – илова фойдаланувчининг мулоқотга қанча вақт сарфлашини ва маълум муддатда қандай кайфият ҳукмрон бўлганини таҳлил қилади.
Қайд этилишича, “Ўлим соати” вафот санасини кунигача тўғри кўрсатади. Бундан ташқари, дастур биологик ёшни ҳам акс эттиради ва ҳаётни узайтириш учун мотивацион воситалар, машқлар вариантлари, қўшимча тавсиялар ва соғлом овқатланиш ғояларини таклиф қилади.
Муаллифларнинг фикрига кўра, “Ўлим соати” одамларни турмуш тарзини ўзгартиришга ва соғлиғини бузадиган одатлардан воз кечишга ундаши мумкин. Бундай ҳолда, мотивацион таъсир ўлим санасининг “қўрқинчли яқинлиги”га асосланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7P_BYkPomS4?si=JEA3pesWpr15t0mF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА