Олимлар билим ва технологиялар трансферини муҳокама қилди
Ўзбекистонлик ва россиялик олимлар “Технологияларнинг халқаро трансфери: ёруғлик энергияси” семинари доирасида ўз тадқиқотлари ва ишланмалари натижалари билан бўлишди.
Ўзбекистонлик ва россиялик олимлар “Технологияларнинг халқаро трансфери: ёруғлик энергияси” семинари доирасида ўз тадқиқотлари ва ишланмалари натижалари билан бўлишди. Тадбирнинг асосий мавзусини ҳар икки мамлакат энергетика тармоғидаги илмий-техник билимларнинг тарқалиши ва илмий жамоалар ўртасида тажриба алмашинуви ташкил этди.
Семинар Жануби-Ғарбий университет ташаббуси билан Тошкентдаги Россия фан ва маданият маркази ҳамда Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Россия энергетика соҳасидаги олий ўқув юртлар вакиллари иштирок этди. Онлайн-трансляция туфайли талабалар ва аспирантлар ҳам тадбирга қўшилиш имконига эга бўлди.
– Энергетика – ҳар қандай мамлакатнинг асосий тизимидир. Россия ва Ўзбекистон ўртасида энергетика ҳамкорлиги бўйича қатор битимлар имзоланган. Бугунги кунда олдимиздаги вазифалардан бири - икки мамлакатнинг энергетика соҳасида ишлайдиган, тармоқ учун мутахассислар тайёрлайдиган ва илмий-техникавий соҳада ҳамкорлик қиладиган олий таълим муассасалари ўртасида амалга оширилиши мумкин бўлган ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиш. Бу йўналиш қўшма кадрлар тайёрлаш учун экспертлар ва олий таълим муассасалари даражасида мустаҳамланади, - деди Тошкентдаги Россия фан ва маданият маркази раҳбари Михаил Вождаев кириш сўзида.
Тошкентда 2019 йилдан буён мамлакатимиз атом тармоғи учун кадрлар тайёрлаш мақсадида фаолият юритиб келаётган «ММФИ» Миллий тадқиқот ядро университети филиалининг муваффақиятли иши ана шундай ҳамкорликка яққол мисол бўла олади.
«ММФИ» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиали ижрочи директори Алишер Санетуллаев ўз сўзида атом энергетикасининг Ўзбекистон учун энергетиканинг ишончли ва экологик тоза манбаи эканлиги, шунингдек, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети филиали фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.
– АЭС иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришда муҳим роль ўйнайди, чунки атом электр станциясида электр энергия ишлаб чиқариш жараёнида карбонат ангидрид ажралиб чиқмайди ва ҳаво ифлосланмайди. Атом энергетикаси – илмталаб соҳа, шу боис, юксак малакали кадрларни тайрлаш ҳамда технологиялар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш бу борада муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ушбу соҳа жуда катта масъулиятни талаб этади, шунинг учун биз нафақат АЭС да ишлайдиган, балки мамлакат илмий-техник тараққиётига ҳисса қўшадиган истеъдодли кадрларни тайёрлашимиз лозим, – деб қайд этди А.Санетуллаев ўз маърузасида.
Олий таълим муассасаси филиалидаги таълим барча талабалар учун грант асосида амалга оширилади ва бугунги кунда талабаларга тўртта йўналиш бўйича таълим берилмоқда. Булар: ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси, ядро физикаси ва технологиялар, иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси, электр энергетика ва электр техника йўналишлари. Келгусида филиал магистратура бўлимларини, шунингдек ядро тиббиёти каби йўналишларни ҳам очишни режалаштирмоқда.
Семинар иштирокчиларининг чиқишлари энергия манбаларини олиш самарадорлиги, электр энергияни олиш, сақлаш ва узатиш теехнологиялари ҳамда энергетик хавфсизлик каби мавзуларга бағишланди. Тошкент давлат техника университетининг “Электр станциялар, тармоқлар ва тизимлар” кафедраси мудири Тулқин Ғайибов, ушбу университетнинг “Электр машиналар” кафедраси мудири, техника фанлари доктори Олимжон Тоиров, “Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университетининг Иссиқлик ва атом энергетикаси институти директори, техника фанлари доктори Алексей Дедов, Жануби-Ғарбий университетнинг электр таъминоти кафедраси доценти Олег Ларин маърузалари тингланди.