Олима аёлларнинг илмий лойиҳалари оммалашмоқда
Бўстонлиқ туманида “XXII аср илм-фан ва бизнесдаги аёллар: ютуқлар ва муаммолар” мавзусидаги халқаро форум ўтказилди.
“INNOWOMENWEEK-2024” – хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, Корея Ихтирочилар ассоциацияси президенти Ким Соон Сун, ҳамкор халқаро ташкилотлар мутахассислари, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган олима аёллар қатнашди.
Дастлаб, олима, докторант, тадқиқотчи ва тадбиркор хотин-қизларнинг инновацион ишланмалари кўргазмаси намойиш этилди. Форум очилишида Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Зуҳра Миргазиева cўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишда кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида гапирди.
Қайд этилганидек, бугун юртимизда ишбилармон аёллар сафи кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди. Иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этмоқда. Кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан, хусусан, фермер хўжаликларининг 4 мингдан ортиғини хотин-қизлар бошқармоқда. Келгуси икки йилда кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизларнинг улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга ошириш бўйича улкан мақсад қўйилган.
Президентимизнинг тегишли фармони билан жорий йилдан бошлаб аёлларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлигини ташкил этиш учун 100 миллион доллар ажратилди. Жорий йилда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 130 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга 2,5 триллион сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Хотин-қизлар томонидан амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига 148 минг 352 та янги иш ўрни яратилди. Хорижий олий таълим муассасаларида бакалавриат йўналишида 50 нафар, магистратура учун 10 нафар хотин-қизларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилиши йўлга қўйилди.
[gallery-19653]
– Айни пайтда Тошкент вилояти бўйича 15 минг нафар тадбиркор хотин-қиз борлиги катта ижобий натижадир, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Зуҳра Миргазиева. – Ҳудуддаги олийгоҳларда эса 210 нафар аёллар профессор-ўқитувчи, докторант ва ихтирочидир. Айнан улар томонидан амалга оширилаётган илмий лойиҳалар ҳозирги кунда кўплаб соҳалар ривожига ҳисса қўшмоқда. Бугунги форум доирасида улар фаолияти билан яна бир бор яқиндан танишдик.
Тадбир давомида Корея Ихтирочилар ассоциацияси аъзоларининг ҳам олиб бораётган тадқиқотлари, янги ишланмалари тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистон ва Корея давлатлари олима аёллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.